Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаганлар табиатга 368 миллион сўмдан ортиқ зарар етказди

12:54 22 Апрель 2025 Жамият
91 0

Жорий йилнинг 19–20 апрель кунлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги назорат инспекцияси ҳамда Сирдарё вилояти давлат экологик инспекторлари ҳамкорлигида Сирдарё дарёсининг турли нуқталарда ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига қарши махсус назорат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур рейдлар аҳоли мурожаатлари асосида ташкил этилиб, балиқларнинг уруғланиш мавсумида браконьерлар томонидан электр қармоқ ва ноқонуний тўрлар (лескали тўрлар)дан фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш мақсад қилинган.

Ушбу рейд тадбири натижасида аниқланишича, дарёдан умумий узунлиги 1000 метрга яқин бўлган, ноқонуний ўрнатилган 20 га яқин лескали тўрлар аниқланиб, йиғиб олинган ҳамда белгиланган тартибда йўқ қилиниши белгиланган. Шунингдек, 2 нафар ҳуқуқбузар электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган пайтда қўлга олинган.

Бундан ташқари, ашёвий далил сифатида 1 дона алюминий қайиқ, мотор, 2 дона аккумулятор, электр қармоқ, турли ов воситалари ва 21 дона турли хилдаги балиқ мусодара қилинган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари натижасида табиатга етказилган зарар миқдори 368 миллион 437 минг 500 сўмни ташкил этган.

«Барча ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Экология вазирлиги фуқароларни табиий ресурсларни асрашда фаол иштирок этишга, ҳамда фақат белгиланган қоидалар асосида балиқ овлашга чақирмоқда», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?