Сирдарёда илк бор ёш педагоглар форуми ўтказилди

14:09 22 Январь 2026 Жамият
364 0

Сирдарё вилоятида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, ёш педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ибратли тадбир ташкил этилди. Яъни Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан Гулистон шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиалида “Вилоят ёш ўқитувчилар уюшмаси”нинг илк форуми бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли форумнинг асосий мақсади ёш педагогларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, замонавий педагогик тажрибаларни оммалаштириш, илғор ташаббус ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим сифатини янада оширишдан иборат бўлди.

— Бундай форумлар ёш ўқитувчилар учун катта тажриба мактаби бўлиб, устозлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилади,- дейди Гулистон шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Насиба Урозалиева. — Энг муҳими, бу каби тадбирлар бизни янада масъулиятли, фидойи ва изланишда бўлишга ундайди.

Форум доирасида очиқ мулоқотлар, тажриба алмашиш сессиялари, мотивацион чиқишлар ташкил этилиб, ёш педагогларнинг таклиф ва ташаббуслари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, вилоятдаги тажрибали тренерлар иштирокида амалий ва назарий ўқув машғулотлари ташкил этилди. Машғулотларда замонавий таълим методлари, инновацион ёндашувлар, самарали дарс жараёнларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, амалий тавсиялар берилди.

Тадбирда 50 нафар ёш ўқитувчига “Ёш ўқитувчилар уюшмаси аъзоси” кўкрак нишонлари топширилди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?