Сирдарёда депутатлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилди

15:47 07 Июль 2025 Жамият
146 0

Маълумки, Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти янги модел – «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ислоҳ қилинмоқда. Ислоҳотлар туфайли давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, халқ ҳокимиятчилиги асосларини кучайтириш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди. Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам «халқ овози» бўлмиш маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилди, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши белгилаб қўйилди.

Табиийки, маҳаллий Кенгашлар ҳаётидаги ана шундай туб ўзгаришлар асносида «Ижро ҳокимиятидан алоҳида бўлган- янги шароитда ишни нимадан бошлаш керак?», деган савол пайдо бўлган эди. Ўтган йил 19 ноябрь куни Президентимиз Олий Мажлис Сенати биринчи ялпи мажлисидаги маърузасида шу ва бошқа барча саволларга жавоб бериб, маҳаллий Кенгаш зиммасига 5 та вазифа қўйган эди. Норма ижодкорлигига, яъни, янги қонунлар лойиҳалари муҳокамасида халқнинг иштирокини таъминлаш, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар моҳиятини сайловчиларга жонли, ишонарли ва тушунарли етказа олиш, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижросида қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш, маҳаллий бюджет ижроси устидан назоратни таъминлаш, масъул раҳбарлар ҳисоботида самарадорликка эришишдан иборат ушбу вазифаларни аъло даражада бажаришда албатта депутатларнинг фаоллиги энг муҳим омилдир.

Айни шу мақсадда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши котибияти томонидан янгича ишлаш услублари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, ойнинг охирги 10 кунлиги — «маҳаллабай ишлаш» ўн кунлиги деб эълон қилиниб, сайловчилар билан учрашувлар ва мулоқотлар давомида аниқланган муаммолар даражасига қараб «маҳалла-туман-вилоят-республика» миқёсида кўриб чиқилмоқда. Жумладан жорий йил 1-чоракдаги учрашувларда сайловчиларимиз томонидан 223 та муаммо кўтарилди, уларнинг 55 таси ички йўл, 36 таси сув, 50 таси электр энергия ва табиий газ, 18 таси қурилишга, 43 таси ижтимоий соҳага оид, 21 таси эса шахсий масалаларни ташкил этди. Кўтарилган муаммоларнинг 132 таси маҳаллаларнинг ўзида ҳал бўлди, 65 таси Кенгаш ҳузуридаги доимий комиссиялар йиғилишларида ўз ечимини топган бўлса, 26 та масала Кенгашнинг навбатдаги сессияларида муҳокама қилиниши белгилаб олинди.

Юқорида қайд этганимдек, биз маҳаллий Кенгашларда амалга оширилаётган ислоҳот даврида ишлаяпмиз ва ушбу жараёнда жаҳон тажрибасини ҳам ўрганишимиз шарт. Шуни мамнуният билан айтаманки, бу борада дастлабки халқаро ҳамкорликни бошлаганмиз. Ўтган йил 20 апрель куни вилоятимизда ўтган Жанубий Корея билан бизнес-форум доирасида Кванджу метрополитен шаҳри Квансан-Гу тумани делегацияси таркибида вилоятимизга келган туман Кенгаши раиси жаноб Ким билан халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши ўртасида дўстона англашув шартномасини имзоладик. Шартномага кўра икки маҳаллий Кенгашлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, иқтисодиёт, туризм, маданият, таълим каби соҳаларни ривожлантириш учун ўзаро фаол алмашув ишларини олиб боришга келишилди.

Бугун депутатлар фаолиятини янада жонлантириш, халқнинг чинакам овозига айлантириш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифа ҳисобланади. Президентимизнинг 2024 йил 19 ноябрдаги Олий Мажлис Сенатининг парламент сайловидан кейинги биринчи мажлисидаги нутқида: «Маҳаллий Кенгашларга кўп ваколатлар бериб мақомини анча оширдик. Лекин, афсуски, Кенгаш депутатлари тажриба алмашадиган, малака ва амалий кўникмасини ошириб борадиган тизим йўлга қўйилмади» деган фикрлари фаолиятимизга янада янгича ёндашувлар жорий этиш, депутатлар фаоллигини ошириш бўйича самарали механизмларни қўллашга ундади. Хусусан, депутатларни фаоллигини ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Сирдарё вилояти Кенгашида 2024 йил 24 декабрдаги сессия қарори билан янги лойиҳа — яъни депутатлар фаолият самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий қилинди. Чунки, кучли Кенгаш бўлиши учун, аввало, кучли депутат бўлиши лозим.

Мазкур баҳолаш мезонларини тузишда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5,6,7,8- моддаларида белгилаб берилган меъёрлар асос қилиб олинди, яъни дейлик, доимий комиссия мажлисларида иштирок этиш 5 балл билан баҳоланадиган бўлди. Сессияларда иштирок учун ҳам шунча балл берилади. Сессияда сўзга чиқиш, савол ва таклиф бериш ҳам 5 балл қўйилади. Шунингдек, норма ижодкорлиги, сайловчилар билан ой давомидаги учрашувлар, «депутат сўрови» юбориш ва бошқа бир неча депутатлик вазифалари ижроси учун ҳам 5 баллдан баҳо қўйиб борилаётир. Энг катта — 10 баллик эътироф «Маҳалла еттилиги» ҳамда сайловчилар билан ўтказилган учрашувларида кўтарилган муаммоларни ҳал этилишидаги иштироки учун берилаётир.

Мазкур рейтинг тизимини юритиш ва назорат қилиш Кенгаш ҳузуридаги Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссия зиммасига юклатилган.

Ушбу тизим жорий қилингандан сўнг депутатлар фаолияти янада кучайди, фаоллиги ошди, муҳими самарадорлик даражаси кўтарилди. Масалан, буни 30-Оқолтин сайлов округидан Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Норбобо Соатовнинг Оқолтин туманининг «Мустақиллик» маҳалласидаги терини кайта ишлаш цехидан чиқувчи бадбўй ҳиддан шикоят қилган фуқароларнинг мурожаатига биноан 2 та ҳовуз кўмиб ташланиб, зарарсизлантиришдаги фаол депутатлик иштирокини мисол келтириш мумкин. Ёки шу тумандаги «Янги Тошкент» маҳалласида жойлашган қабристонда ерости сувлари кўтарилганлиги юзасидан аҳолини қилган мурожаати бўйича «Депутат сўрови» юборилгач, ёпиқ дренаж орқали сув кўтарилиши бартараф қилинганлиги ҳам депутат Норбобо Соатов фаолияти рейтингининг ошишини таъминлади .

Шунингдек 28-Нурафшон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Жаҳонгир Қаршибоев томонидан Мирзаобод туманидаги «Йўлдошобод» ва «Янги ҳаёт» маҳалла «еттилиги» билан учрашувлар давомида ҳудудидаги аҳоли томорқа ерларини суғоришни яхшилаш учун лоток тармоғини реконструкция қилиш масаласи кўтарилганди. «Депутат сўрови» юборилгач, муаммо ҳал бўлди ва бу депутатнинг рейтинг кўрсаткичида ўз аксини топди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, депутат фаолиятини рейтинг асосида баҳолашнинг афзалликлари кўп. Улардан бири натижадорликнинг юқори бўлиши бўлса, иккинчиси депутатлар фаолиятига бериладиган баҳонинг аниқ мезонларга асослангани, яъни ҳаққонийлигидир. Айни мана шу талаб ва жиҳатлар депутатларимизни янада фаол бўлишга ҳамда зиммаларидаги халқ ишончини астойдил адо этишга ундаб туради.

Абдушокир АБДУРАҲМОНОВ,

Сирдарё вилояти Кенгаши котибияти мудири, вилоят Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?