Сирдарё — Фужиан: ҳамкорликнинг янги босқичи

14:23 30 Октябр 2025 Жамият
307 0

Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация бир неча кундан буён хизмат сафари билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Бугун Фужиан (Фуцзянь) музофотида қатор йирик компаниялар — “Fujian Minyijia New Building Material”, “Pan Pan Food”, “Sichuan Kindafu Door”, “Zhejiang Kelu Nukler”, “Fujian Road and Bridge Construction” ҳамда “Fujian Zhanda” корпорацияси раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Мулоқот чоғида асосий эътибор қурилиш саноати, йўл ва инфратузилма қурилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда энергетика соҳаларида ҳамкорлик масалаларига қаратилди.

Сафар доирасида делегация яна бир қатор компаниялар раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказди. Шунингдек, Хитойнинг Фужиан музофотида "Сирдарё – Фужиан" савдо ва инвестиция бизнес форуми бўлиб ўтди. Иу шаҳрида эса “Sirdaryo – Jejiang” инвестиция форуми ташкил этилди. Унда Сирдарё вилоятининг инвестиция салоҳиятини намоён этувчи видеоролик тақдим этилди. Мазкур форумда 200 га яқин хитойлик, 50 нафарга яқин сирдарёлик тадбиркорлар қатнашди ва ҳамкорликнинг янги йўналишлари, қўшма лойиҳалар ҳамда сармоявий имкониятлар муҳокама қилинди.

Сафар асносида Иу шаҳрининг кичик бизнес ва саноатни ривожлантириш тажрибаси ўрганилди ҳамда уни Сирдарё вилоятида қўллаш бўйича шаҳар раҳбарияти билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда томонлар икки ҳудуд ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестициявий ва савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича келишиб олди.

Сирдарё вилояти делегациясининг “Ruian Quanji Agricultural Development”, “Heben International”, “China Wenren”, “Taizhou Shanda International Trade”, “Fourone System” ва “Sichuan Tenzhui Jie” каби йирик компаниялар раҳбарлари билан ўтказган учрашувларида ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция жалб этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида хитойлик ҳамкорлар Сирдарёнинг иқтисодий салоҳияти ва инвестицион муҳити билан батафсил танишди. Улар Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда, хусусан, Сирдарё вилоятида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун барча қулай шарт-шароитлар яратилганини эътироф этди.

Таъкидлаш лозимки, Сирдарё вилояти делегациясининг ушбу хизмат сафари давомида ҳудудлараро дўстона ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳалар бўйича кўплаб келишувлар амалга оширилаётир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?