«Шўртан» лигани тарк этди, «Нефтчи» яққол етакчи

10:28 04 Ноябрь 2025 Спорт
251 0

30 октябрдан 3 ноябрь санага қадар Ўзбекистон Суперлигасининг 27-тур учрашувлари бўлиб ўтди.

27-тур баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди:

«Динамо» 3:1 «Хоразм»

«Навбаҳор» 0:0 «Насаф»

«Шўртан» 4:3 ОКМК

«Андижон» 1:1 «Бухоро»

«Сўғдиёна» 3:0 «Қизилқум»

«Пахтакор» 4:2 «Бунёдкор»

«Машъал» 1:0 «Қўқон-1912»

«Нефтчи» 2:1 «Сурхон»

Жами 8 та ўйиндан 6 тасида мезбонлар ғалаба қозонди, 2 та баҳсда дуранг натижа қайд этилди. Тур доирасида бўлиб ўтган бирорта ўйинда меҳмонлар ғалаба қозона олмади. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.

Тошкент дербиси

Турни якунлаб берган баҳсда томошабинлар Тошкент дербисига гувоҳ бўлишди. «Жар» стадионида бўлиб ўтган баҳсда «Пахтакор» клуби «Бунёдкор» жамоасини қабул қилди.

Ҳар икки жамоада Суперлигада учинчи ўринни қўлга киритиш имконияти бор эди. Бироқ ушбу ўйиндан кейин «Бунёдкор» клуби бу мавсум совриндорлар қаторида бўла олмаслиги маълум бўлди.

«Пахтакор« сафида ушбу ўйин олдидан 2 та асосий ўзгариш кўзга ташланди. Сўнгги ўйинларда асосан захирадан майдонга тушган Достон Ҳамдамов ва Башар Ресан бу сафар асосий таркибда ўйинни бошлади.

«Пахтакор» биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тақдирини ҳал қилди. Учрашувнинг 5-дақиқасида Достон Ҳамдамов ҳисобни очди. Орадан 8 дақиқа ўтиб, Ҳожиакбар Алижонов ўз услубида яна бир чиройли гол киритди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида Иброҳим Ибрагимов ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.

Иккинчи бўлимда «Пахтакор» анча сустлашди. Бундан унумли фойдаланган «Бунёдкор» 52-дақиқада Матия Кривокапич томонидан киритилган гол орқали ҳисобни қисқартирди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Темурхўжа Абдухолиқов жамоасининг иккинчи голини киритди.

Шундан сўнг, дурангга интилаётган «Бунёдкор» рақиб дарвозаси олдида қатор имкониятлар яратди. Аммо, якуний гол «Пахтакор» томонидан киритилди. 90+7 дақиқада Ҳожимат Эркинов ҳисобни 4:2 кўринишига келтирди.

Шу тариқа «Пахтакор» клуби совринли ўрин сари жиддий қадам ташлади. «Бунёдкор» эса бу мавсумни медалларсиз якунлаши маълум бўлди.

Голларга бой баҳс

Турда энг кўп гол киритилган баҳс Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бўлиб ўтди. Унда майдон эгаси «Шўртан« клуби Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилди.

Ушбу ўйинда мағлубиятга учраш «Шўртан» клубини муддатдан аввал Про лигага равона қилиши мумкин эди. Шуни ҳис қилган жамоа бу сафар мутлақо бошқача ўйин кўрсатди.

Учрашувда ҳисоб 39-дақиқада Хуршид Ғиёсов томонидан очилди. Биринчи бўлим 0:1 ҳисобида якунланди. Танаффусда «Шўртан» бош мураббийи Асрор Алиқулов жамоасига нималар дегани номаълум, лекин иккинчи бўлимда жамоа бутунлай ўзгарди.

49 ва 57 дақиқаларда Пўлатхўжа Холдорхонов икки марта рақиб дарвозасини ишғол этди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 70-дақиқада Абубакирризо Турдиалиев «Шўртан»нинг учинчи голини киритди.

Бундан кейин ҳаммаси якунлангандек туюлди. Аммо 84-дақиқада Али Абдураҳмонов ҳисобни қисқартирди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган учинчи дақиқада Наоки Сенага ҳисобни тенглаштирди.

90+6 дақиқада ўйин қаҳрамони Пўлатхўжа Холдорхонов ўз ўрнини Жасур Ҳакимовга бўшатди. 90+9 дақиқада эса эндигина майдонга тушган Жасур Ҳакимов жамоасининг ғалаба тўпини киритди.

Шу тариқа «Шўртан» клуби Суперлигадаги «умрини бир кунга узайтирди». Бироқ 2 ноябрь куни «Машъал» жамоаси «Қўқон-1912»ни мағлуб этганидан сўнг, «Шўртан» клуби Суперлигадан расман чиққани маълум бўлди. Ғузорликлар 2026 йилги мавсумни Про лигада ўтказади.

Чемпионлик учун кураш

Тур доирасида водийда ўтган икки баҳсдан сўнг, турнир жадвалида етакчи ўзгарди. Ўтган турда «Насаф» билан очколарини тенглаштириб олган «Нефтчи» бу турда «Сурхон»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, қаршилик клубдан 2 очкога олдинлаб кетди.

Бунга сабаб, бу турда «Насаф» жамоаси Наманганда «Навбаҳор» билан голсиз дурангга имзо чекди. Шу тариқа сўнгги турлар олдидан «Нефтчи»да «матч пойнт» пайдо бўлмоқда.

Мухлисларнинг стадионларга ташрифи

27-тур ўйинларини жами 31 614 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 3 952 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.

Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Нефтчи» ва «Сурхон» ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун «Истиқлол» стадионига 13 509 нафар мухлис ташриф буюрди.

Энг кам томошабин йиғган ўйин эса «Машъал» ва «Қўқон-1912» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни жами 369 нафар мухлис жонли томоша қилди.

Кейинги тур

Ўзбекистон Суперлигасида 28-тур учрашувлари 7–10 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйидаги баҳслар кутилмоқда:

«Хоразм» — «Сўғдиёна»

«Бухоро» — «Нефтчи»

«Қизилқум» — «Андижон»

«Насаф» — «Машъал»

«Қўқон-1912» — «Пахтакор»

ОКМК — «Навбаҳор»

«Бунёдкор» — «Динамо»

«Сурхон» — «Шўртан»

Муҳаммадамин Зуҳриддинов «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?