Шўр ювишга сарфланган сувга солиқ ҳисобланадими? — мутасаддилар жавоб берди

22:59 23 Февраль 2021 Иқтисодиёт
914 0

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида «Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари, олимлар, фермерлар ҳамда маҳаллий ва марказий матбуот нашрлари, радио-телевидение, интернет журналистлари ва блогерлар иштирок қилди.

Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилишга оид 2020 йилнинг 5 декабрида ва 11 декабрида қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгиланган вазифалар ижроси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари таништирилди.

Тадбирда бу йил Амударёнинг қуйи қисми, яъни Қорақалпоғистонда кутилаётган сув миқдори, айни кунларда ўтказилаётган шўр ювиш тадбирлари учун сув солиғи ҳисобланиш ёки ҳисобланмаслиги каби саволларга ҳам жавоб берилди.

Масъулларнинг жавобларига кўра жорий йилда ҳам Амударёда дастлабки прогнозга кўра сув кам бўлиши кутилаётгани, лекин бу бўйича апрель ойида яна қўшимча прогноз кўрсаткичлар аниқланиши айтилди. Шунингдек, ҳозирда фермер хўжаликлари далаларида олиб борилаётган шўр ювиш учун сарфланаётган сувга солиқ ҳисобланмаслиги, сув солиғи вегетация даври учун жорий қилинаётгани таъкидланди.

— Ўтган йилда 30 гектар майдонга, томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилдик, — дейди «Сардор сариалтин» фермер хўжалиги раҳбари Шукурулла Саъдуллав. — Мен ўзим ишлаб тажрибадан ўтказган жараёним ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бугунги кун талаби эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Блогерлар томонидан берилган айрим саволларга жавоб берар эканман бу борадаги тарғибот тадбирларини янада кучайтириш кераклигини англадим.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга вазирликнинг масъул ходимларидан ташқари тадбирга таклиф қилинган олимлар, сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермерлар ҳам жавоб бериб, илмий асослар ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер