Шоирлар ҳар жойда бор...
Фото: Архив сурат
26 апрель — Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун
Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Муҳаммад Юсуфнинг бу башоратомуз сатрлари Пушкиннинг «Памятник» шеърига ҳамоҳанг. Ҳамюртимиз худди Пушкин каби ҳаётлигидаёқ ўзига ҳайкал қўйиб кетдики, уни тавоф этишга шеърият шайдолари доимо интиладилар. Дарҳақиқат, Марҳамат тумани, Қовунчи маҳалласидаги Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган хонадон мана 20 йилдирки кўклам фаслида одамлар билан гавжум бўлади. Шоир ихлосмандлари оқими унинг таваллуд айёми санасидан аввалроқ кузатилади.
Ҳизрариқ ёнидаги ҳовли Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан, ўзимизнинг Бухорои шарифдан, қорақалпоқ элининг Элликқалъасидан, Тожикистоннинг Душанбесидан ташриф буюрганлар билан тўлиб-тошади. Атрофдаги кентлардан келганларнику айтмай қўя қолайлик.
Ёши, миллати, касб-кори, насл-насабидан қатъи назар, уларнинг барини сўз ва шеър сеҳри бирлаштиради. Саломлашиш, танишиш, фикр алмашиш ҳам Муҳаммад Юсуфнинг қуйма сатрлари ила бошланади. Табиий тарзда шаклланган шу бетакрор илҳом чашмасига чулғанган кўйи хаёлимга бир фикр келади: севимли шоиримиз таваллуд айёмини Шеърият куни, деб эълон қилса ҳам бўлар экан. Зотан, ўз хоҳиши билан минглаб чақирим йўл босиб келган 20 минг мухлисни яна қайси санада, қайси маконда тўплаш мумкин?! Таъбир жоиз бўлса, айтган бўлардим:
Шоирлар ҳар жойда бор,
Бизда бори қайда бор?!
Шу ўринда яна бир таклиф. Бу ерда «Қовунчи» сувенирлар дўкони, «Сурат» фотосалони, «Толь бешик» ёғоч ўймакорлиги устахонаси, «Улуғимсан, Ватаним» китоб дўкони, «Қизғалдоқ» фитобари, «Кўкламойим» тансиқ таомлар ошхонаси, «Қора қумғон» чойхонаси кабиларни ташкил қилиш мумкин. Фаҳмлаганингиздек, уларни Муҳаммад Юсуф шеърлари билан атадик. «Ҳизирариқ ривояти», деб номланувчи буклет тайёрланса. Ёки шоир тараннум этган гўзал табиатимиз ҳақида фильм ишланиб, диск чиқарилса. Кинокартина муаллиф ўзи ўқиб берган шеърлар билан бойитилса. 10-20 минг ихлосманд шоир юртига қилган зиёратидан бир олам таассуротлару эсдалик совғалари билан қайтади.
Дарвоқе, китоб дўконига ташриф буюрувчи меҳмонлардан Муҳаммад Юсуф ҳақидаги эсдаликларини (бир сатрдан) битиб кетиш илтимос қилинса, ажойиб хотира китоби яратилади. Миннатдор ўқувчиларнинг Муҳаммад Юсуф юбилейига атаган ажойиб совғаси бўлар эди бу. Қолаверса, ички туризм объекти яратилади.
Саидаҳмад ШУКУРОВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг