Шимолий Корея аскарлари Украина чегарасига яқинлашди
Фото: Reuters
Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингхга кўра, душанба куни Россия шарқига машғулотлар учун юборилган Шимолий Кореянинг 10 000 аскаридан баъзилари Украина чегарасига яқинлашган. АҚШ ўтган ҳафта улар сонини 3 мингтагача баҳолаган эди.
“Бу аскарларнинг бир қисми аллақачон Украинага яқинлашган ва биз Россия улардан жанговар ҳаракатларда ёки Россиянинг Украина билан чегараси яқинидаги Курск вилоятида Украина кучларига қарши жанговар операцияларда ёрдам беришидан хавотирдамиз”, — дейди Сингх журналистларга.
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл сешанба куни Шимолий Корея ҳарбийларининг жойлаштирилиши унинг мамлакати миллий хавфсизлигига ҳам, халқаро ҳамжамиятга ҳам таҳдид солаётганини айтиб, Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ноқонуний ҳарбий ҳамкорликни қоралаганди.
НАТО Бош котиби Марк Рютте душанба куни Шимолий Корея аскарларининг жойлаштирилиши Украина можаросининг сезиларли кескинлашуви ва Россия урушининг хавфли кенгайиши эканлигини таъкидлаган эди.
“Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги чуқурлашиб бораётган ҳарбий ҳамкорлик Ҳинд-Тинч океани ва Евро-Атлантика хавфсизлигига таҳдиддир”, — деди Рютте.
Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги расмийси ОАВнинг Россияга қўшин киритилиши ҳақидаги хабарларини тасдиқламади, бироқ агар Пхеньян шундай чора кўрган бўлса, бу халқаро нормаларга мос келишига ишонишини айтди.
Москва дастлаб Шимолий Кореянинг Украинага қарши урушида иштироки ҳақидаги хабарларни “сохта хабар” деб рад этди. Аммо Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея қўшинлари Россияда эканлигини инкор этмади ва бу Пхеньян билан ҳамкорлик шартномасини қандай амалга оширгани ички масала эканини қайд этди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни Рюттенинг изоҳларини рад этди ва Пхеньян ҳамда Москва шу йилнинг июнь ойида қўшма хавфсизлик шартномасини имзолаганини таъкидлади.
Манбаларга кўра, АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ва Давлат котиби Энтони Блинкен шу ҳафта охирида Вашингтонда жанублик ҳамкасблари билан учрашиб, Шимолий Кореянинг Украинадаги аралашувини муҳокама қилади.
“Агар биз Шимолий Корея қўшинларининг фронт чизиғи томон ҳаракатланаётганини кўрсак, улар урушда шериклардир. Уларга қарши АҚШ томонидан тақдим этилган қуроллардан фойдаланишда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди”, — дейди Сингх
Жанубий Кореянинг “Ёнҳап” миллий ахборот хизмати хабар беришича, президент Юн Сок Ёл мамлакат вазирлар маҳкамаси йиғилишида Шимолий Кореянинг Россия билан ҳарбий ҳамкорлиги фонида мамлакат барча имкониятларни синчковлик билан баҳолаб, қарши чоралар кўриши кераклигини айтган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибиханинг айтишича, Киев бир неча ҳафтадан бери Шимолий Корея аскарларининг жойлаштирилиши ҳақида огоҳлантириб келган ва иттифоқчиларни кескин жавоб қайтара олмаганликда айблаган. Шунингдек, у Россияга қарши узоқ масофали зарбалар беришдаги чекловларни олиб ташлашга чақирди. Бироқ, АҚШ Украинанинг Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун қурол ишлатиш ҳақидаги илтимосини маъқуллаши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг