Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган баҳор айёми - Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон ва Туркманистон халқларига тинчлик-осойишталик ва равнақ тиладилар.
Дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда ва кооперация чуқурлашмоқда. Биргаликда "Шовот - Тошовуз" чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шериклик, муҳим форум ва анжуманларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё плюс" форматида ўтказиладиган саммитлар ҳамда Тошкент шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг