Шавкат Мирзиёев БМТ вакилини қабул қилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимидаги нуфузли тармоқ тузилмаси раҳбари шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича халқаро форум доирасида мамлакатимизда бўлиб турибди.
Учрашув аввалида БМТнинг юқори мартабали вакили дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан нуфузли делегациялар иштирок этаётган форумни муваффақиятли ўтказишни қўллаб-қувватлагани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга қарши самарали чора кўриш борасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда амалий ҳамкорликда эришилган самарали натижалар мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, 2025 йилгача бўлган даврда ҳамкорлик бўйича мамлакат дастурини бажариш сифат кўрсаткичлари икки баробар яхшиланди. Ҳозирда 34 та лойиҳа фаол амалга оширилмоқда. Ўтган бир йил ичида деҳқончилик, мактабларда овқатланиш, ветеринария, агрокимё ва бошқа соҳаларда 7 та янги лойиҳа ишга туширилди.
Янги беш йиллик шериклик дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Агросаноат мажмуасини рақамлаштириш, илғор билим ва тажриба алмашиш, ер фонди унумдорлигини ошириш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, замонавий кластерлар ва логистика марказларини ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича истиқболли қўшма лойиҳа ва тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ глобал ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг