«Шанхай руҳи»нинг бош мақсади барчанинг манфаатларини ҳисобга олиш

Иллюстратив фото
Осиё, Европа ва Африка етакчилари 31 августдан 1 сентябргача Хитойнинг шимолий қисмидаги Тянсзин порти шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этишади. Саммит ташкилот тарихидаги энг йириги бўлиб, унда иштирокчилар ШҲТнинг кейинги ўн йилликдаги ривожланиш режасини белгилаб олишади. Ўз фаолиятининг 24 йили давомида ШҲТ, дастлаб хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш учун тузилган бўлиб, дунё аҳолисининг деярли ярмини ташкил этувчи ҳар томонлама минтақавий ташкилотга айланди.
ШҲТнинг прототипи «Шанхай бешлиги« механизми бўлиб, унда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон совуқ уруш тугаганидан кейин чегара хавфсизлиги масалаларини ҳал қилиш учун 1996 йилда бирлашган эди. 2001 йил 15 июнда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тузилди, унга Ўзбекистон ҳам қўшилди. Шундай ыилиб, унинг таъсисчиларидан бирига айланди. Минтақавий хавфсизлик гуруҳи сифатида бошланган ШҲТ, дунё аҳолисининг деярли ярмини, ер юзининг тўртдан бир қисмини ва жаҳон ЯИМнинг тўртдан бир қисмини қамраб олган минтақавий ташкилотга айланди. Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларусьнинг қўшилиши билан ШҲТ ҳозирда 10 та аъзо давлат, шунингдек, иккита кузатувчи мамлакат ва 14 та мулоқот бўйича шерик мамлакатни ўз ичига олади.
Минтақавий хавфсизликни сақлаш ва умумий ривожланишга кўмаклашишга интилиб, ШҲТ ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро маслаҳатлашувлар, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат, биргаликда ривожланишга интилиш билан тавсифланадиган «Шанхай руҳи«га амал қилади. Халқаро Осиё Сиёсий Партиялари конференциясининг ҳамраиси Мушоҳид Ҳусайн Сайид таъкидлаганидек, бу руҳ ШҲТга минтақавий ҳамкорлик йўлини белгилашга, идеология, ижтимоий тузум ва ривожланиш йўлларидаги фарқларни енгиб ўтишга ва халқаро муносабатларнинг янги тури учун намуна бўлишга ёрдам берди. Ўтган йиллар давомида ШҲТга аъзо давлатлар сиёсий ўзаро ишончни мустаҳкамладилар ва турли соҳаларда самарали ҳамкорликни амалга оширдилар, минтақавий барқарорликни сақлаш, савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги каби соҳаларда мувофиқлаштирилган чоралар кўриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтирдилар. Минтақавий аксилтеррор тузилмаси каби механизмлар туфайли ШҲТга аъзо давлатлар терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш орқали минтақавий тинчлик ва барқарорликни сақлашда самарали ҳамкорлик қилмоқда. Хавфсизлик архитектураси мустаҳкамланди ва қўшма машқлар кибермаконга ҳам тарқалди.
2022 йилда эълон қилинган савдо ривожланиши тўғрисидаги ҳисоботга кўра, ШҲТ ташкил этилганидан бери 20 йил ичида ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий савдо ҳажми қарийб 100 баробарга ўсди, уларнинг жаҳон савдосидаги улуши 2001 йилдаги 5,4 фоиздан 2020 йилда 17,5 фоизгача ошди, бу ташкилотнинг тобора ортиб бораётган таъсиридан далолат беради. «Шанхай руҳи» ШҲТнинг «илдизи« ва «жони«, — деди Хитой ва Глобаллашув Маркази вице-президенти Виктор Гао. Унинг сўзларига кўра, доимий равишда ўзгариб турадиган халқаро вазиятда ШҲТга аъзо давлатлар бу руҳни давом эттириб, адолатли ва тенг ҳуқуқли глобал бошқарув тизимини яратиш бўйича аниқ чоралар кўрадилар, ўз ечимларини таклиф қиладилар ва инсониятнинг ягона тақдири жамиятини қуришни қўллаб-қувватлайдилар.
ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири сифатида Ўзбекистон ШҲТга дипломатик даражада доимо устувор аҳамият берган ва «Шанхай руҳи«га қатъий амал қилган. Россия Фанлар Академияси профессори Ирина Саренконинг айтишича, Ўзбекистон Президенти қатор муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурди ва минтақавий ривожланишга катта ҳисса қўшди.
Иқтисодий секторга келсак, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ва инвестиция алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда, ҳамкорлик инфратузилма, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва технологиялар каби соҳаларни қамраб олиб, бутун минтақа бўйлаб одамларнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. 2024 йилда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шериклар ўртасидаги товар айланмаси янги тарихий чўққига етди — қиймати 890 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. 2024 йили ШҲТ мамлакатлари ва минтақалари орқали ўтувчи Хитой-Европа юк поездлари сони 19 мингтага етди, бу 2023 йилга нисбатан 10,7 фоизга кўпдир. Глобал Жануб учун Геоиқтисодиёт Маркази раиси Муҳаммад Сақиб таъкидлаганидек, Хитой яқин 3 йил ичида ШҲТ мамлакатларига рақамли технология мутахассисларини ўқитиш учун камида 1000 та квота ажратишга тайёр. 2024 йил июль ойида ШҲТга раислик қилиш навбатини қабул қилганидан бери Хитой барча иштирокчилар билан яқин ҳамкорлик қилди ва «ШҲТнинг барқарор ривожланиш йили» мавзусида 100 дан ортиқ тадбирларни ўтказди, жумладан вазирлар даражасидаги учрашувлар, ШҲТ сиёсий партиялари форуми, ШҲТ доирасидаги оммавий ахборот воситалари ва таҳлилий марказлар саммити, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатларнинг санъат фестивали. Теҳрон университети профессори Саид Муҳаммад Марандий аъзо давлатлар «Шанхай руҳи»ни илгари суриш, ШҲТ аъзо давлатлари ва ҳамкорларига муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ўз таклифларини билан фаол қатнашмоқда. Кутилаётган ШҲТнинг 2025 йилги саммитида 20 дан ортиқ хорижий давлатлар раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилотларнинг масъул шахслари иштирок этиши кутилмоқда, бу эса консенсусга эришишга ва ташкилотни умумий келажакка эга бўлган янада яқин жамиятни яратишга йўналтиришга имкон беради. Покистон Бош вазири ўринбосари Исъҳоқ Дарнинг сўзларига кўра, саммитнинг асосий натижалари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг декларацияси имзоланиши, шунингдек, ташкилотнинг келгуси 10 йилга мўлжалланган ривожланиш стратегиясининг тасдиқланиши бўлади. Энг асосийси, ШҲТ аъзолари Глобал Жануб учун алоқадорлик ва эркин савдони ривожлантирмоқда. Уларнинг қарашлари ШҲТ давлатларини иқтисодий ўсиш ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга етаклайди. Тянсзин портининг сунъий интеллект асосидаги автоматизацияси ШҲТ аъзолари учун глобал савдони ривожлантиришга ёрдам беради.
Саммитда, шунингдек, Жаҳон антифашистик урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти нинг 80 йиллиги муносабати билан баёнотлар, шунингдек, хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор якуний ҳужжатлар қабул қилинади.Тянсзиндаги ШҲТ саммити глобал беқарорликнинг мураккаб даврида бўлиб ўтади, аммо у хавфсиз ва барқарор ривожланишга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлчи юлдузга айланади.
Абдували Сайбназаров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг