Шахматчилар қишлоғи
Боёвут туманидаги Тинчлик маҳалласи шахматчилар қишлоғи саналади. Негаки, мазкур қишлоқда шу спорт турига қизиқувчилар кўп. Зеро, шахмат оз эмас, 20 га яқин оила аъзоларининг доимий машғулотига айланган. Эътиборлиси, маҳалланинг шахмат бўйича ўз чемпионати ҳам бор. Ушбу мусобақа йилда бир эмас, ҳар ҳафтанинг шанба ёки якшанба кунлари ташкил этилади. Ғолибларга бериладиган ҳеч бир соврини йўқ ушбу баҳсда совға эмас, ўзаро тажриба алмашиш, маҳоратни ошириш энг катта натижа ҳисобланади. Бу мусобақалар ўзига хос шахмат дарси ҳам саналади.
Мазкур маҳаллада шахматнинг кенг кўламда ривож топишида устоз мураббий, FIDE устаси, “Шуҳрат” медали соҳиби, раҳматли Маматқул Хайлаевнинг ўрни беқиёс. У Тошкентда, институтда ўқиган 90-йилларда шахмат китоблари ва журналларини ўқиш баробарида бевосита шахмат ўйнаш билан шуғулланди. Ўша вақтларда шахматга оид журналлар ва китоблар асосан рус тилида эди. Бу эса Маматқул Хайлаевнинг келгусида ўзбек тилидаги “Шахмат сабоқлари”, “Шахмат” , “Шахмат. FIDE қоидалари”, “Шахмат алифбоси” каби қўлланмалари, китобларини яратишига туртки бўлди. Маматқул Хайлаев шахмат бўйича таниқли ва билимдон спорт журналисти ҳам эди. Яъни у “Спорт” телеканалининг “Шахмат сабоқлари” ва “Шахмат дурдоналари” кўрсатувларининг ажойиб бошловчиси сифатида эл эътиборини қозонганди. Шахмат билимдони Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи ҳам бўлган. У бошчилик қилган ўсмирлар ва қизлар терма жамоамиз 2008 йил Франциянинг Париж шаҳрида, 2012 йил Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатларида, 2014 йил Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтган Ўсмирлар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Қисқа умри давомида мамлакатимизда шахматнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшган Маматқул Хайлаевнинг туғилиб ўсган қишлоғида яратган шахмат бўйича маҳорат мактаби бугунги кунда ҳам ўзининг катта самарасини бермоқда.

Бинобарин, кўп йиллардан буён ва ҳозирда ҳам Тинчлик маҳалласидан кўплаб иқтидорли шахматчилар етишиб чиқмоқда. Хусусан, Анвар Хайлаев, Жамшид Шодиқулов катталар биринчи лигаси мусобақаларида спорт усталигига номзод, Элбек Жуманов эса FIDE спорт устаси ҳисобланади. Миржалол Қосимов, Отабек Хайлаев, Абдуғани Очилов эса республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб турнирларда совриндор бўлиб келмоқда. Албатта, бу борада Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, таниқли шахматчи Сарвиноз Қурбонбоева эришган ютуқларни алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Зеро, 21 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори, халқаро аёллар гроссмейстери Сарвиноз Қурбонбоева ҳам Тинчлик маҳалласида туғилиб ўсган. Шу манзилда шахмат бўйича маҳоратини оширган спортчидир.
Бугунги кунда Тинчлик маҳалласининг Малика Жумаева, Лазизбек Шавкатов, Ҳожиакбар Алижонов, Ирода Жумаева, Зафар Отабеков, Ҳумоюн Сапаров каби ёш шахматчилари борки, улар республика ва халқаро миқёсдаги турнирларда муваффақиятли қатнашмоқда. Эътиборлиси, ушбу спорт тури билан шуғулланаётганлар жуда ёш спортчилар ҳам бор. Масалан, 5 ёшли Камола Маматқулова Сирдарё вилояти чемпионатида қатнашди. Тенгдош рақиби бўлмагани боис ўзидан катта 7 ёшли шахматчи қизларга қарши дона суришига тўғри келди. У ўз иқтидори ва маҳорати билан барчани қойил қолдирди. Якуний натижаларга кўра мазкур мусобақада иккинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
– Маҳалламизда яратилган шахмат маҳорат мактаби шу спорт тури бўйича мутахассис бўлишимнинг асосий омили бўлди, – дейди Гулистон шаҳридаги хусусий мактаблардан бирининг шахмат мураббийи Самандар Жумаев. – Қишлоғимиздан етишиб чиққан шахмат мураббийлари кўп. Демоқчиманки, бевосита моҳир шахматчилар билан бирга шахмат спорти бўйича малакали мутахассисларимиз ҳам кўпаймоқда. Ишончим комилки, келажакда маҳалламиздан жаҳон чемпионлари ҳам етишиб чиқади.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг