Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти деб эълон қилинди
Фото: Архив сурат
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) сайтида ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг навбатдаги йиғилишига бағишланган мақола жойлаштирилди.
Унда жорий йил 13 декабрь куни ИҲТ давлатлари туризм вазирларининг 4-йиғилиши онлайн тарзда ўтказилгани ва тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда Ташкилотнинг туризм пойтахти этиб танлангани маълум қилинган.
Қайд этилишича, йиғилишни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов кириш нутқи билан очган. «Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва туманида сайёҳлик инфратузилмасини, хизматлар сифатини ва уларнинг ранг-баранглигини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда», дея Азиз Абдуҳакимов нутқидан иқтибос келтиради манба.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон вакили, шунингдек, туризм маданият, анъана ва меросни уйғунлаштириши орқали минтақа аҳолисини яқинлаштирадиган энг мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. У минтақани ривожлантириш учун аъзо давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни кўпайтириш ва сайёҳлик соҳасида минтақавий манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлар экан, ИҲТга аъзо давлатлардан 25 нафар талаба Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университетида таҳсил олиш учун грант олганини маълум қилди, деб ёзади Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) сайти. Вазир, шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси ҳақида маълумот берар экан, ИҲТга аъзо барча мамлакатларни ушбу муҳим тадбирда иштирок этишга таклиф қилди».
Мақолада қайд этилишича, ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозири ўз маърузасида йиғилиш иштирокчиларини қутлагани баробарида сайёҳлик соҳаси «ИҲТ истиқболлари – 2025» концепциясига мувофиқ ривожланишнинг устувор йўналишлари қаторига киритилганини алоҳида таъкидлади. Бош котиб, шунингдек, ИҲТ минтақасида ЮНEСКО рўйхатига киритилган 74 та Бутунжаҳон мероси объектлари жойлашгани ва улар юқори сайёҳлик салоҳиятига эга эканлигини айтди. «ИҲТ Бош котиби хорижлик сайёҳлар учун чегарани кесиб ўтиш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, виза режимининг енгиллаштирилиши ва либераллаштирилиши бутун минтақада туризм индустриясини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади».
Мақолада, шунингдек, йиғилиш иштирокчилари аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий асоси сифатида ИҲТ минтақасида COVID-19дан кейин жадал тикланиш, хавфсиз ва барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича «Йўл харитаси»ни қабул қилганлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.
«Анжуман якунлари бўйича 2024 ва 2025 йиллар учун ИҲТ туризм пойтахтлари сифатида Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз ва Туркиянинг Эрзурум шаҳарларини танлади. Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Самарқанд декларацияси ва ИҲТ туризм вазирларининг 5-йиғилиши 2023 йилда Эроннинг Ардабил шаҳрида бўлиб ўтиши бўйича қарор қабул қилинди», деб ёзади ИҲТ сайти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг