Сенатда Ўзбекистоннинг қатор элчилари ўз фаолияти ҳақида ҳисобот берди

21:33 09 Декабрь 2025 Сиёсат
359 0

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг Индонезия, Малайзия, Саудия Арабистони Сингапур ва Япониядаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Қайд этилганидек, элчиларнинг фаолияти асосан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган «йўл хариталари» ижросини таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш, миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, хорижий туристлар оқимини ошириш ҳамда мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Хусусан, мамлакатимизнинг Индонезия билан муносабатларида энергетика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва транспорт-коммуникация йўналишларида қўшма ташаббусларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Малайзия билан саноат кооперацияси, рақамли иқтисодиёт ва юқори технологиялар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Саудия Арабистони билан нефть-газ кимёси, энергетика, инфратузилма ва ҳаж туризми каби стратегик йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг Сингапур билан молия, логистика, инновацион экотизимлар ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида шериклик алоқалари изчил кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Япония билан алоқалари доирасида «яшил иқтисодиёт», машинасозлик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Мажлисда сенаторлар дипломатик фаолият самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, туризм соҳасида янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ таклифларини билдирди.

Муҳокама якунида тегишли тавсия ва хулосалар қабул қилинди ҳамда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?