Сенат: шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас

16:17 17 Март 2025 Сиёсат
148 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий тизимни тубдан такомиллаштириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва муҳим аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар суд ишларини такомиллаштириш, суд қарорларининг шаффофлиги ва холислигини ошириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.

Муҳокама қилинган Қонун ҳам ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Судлар тўғрисида”ги Қонунга гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Суд жараёнида иштирок этаётган гувоҳ ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи жорий этилмоқда.

Қонун билан судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туриш, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши жорий қилинмоқда. Шунингдек, судья ваколатига ва одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда уларнинг ҳисобдор эмаслиги белгиланмоқда.

Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, фақат ўз ваколатлари доирасида масалалар киритиши кўрсатилмоқда.

Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қонуннинг қабул қилиниши одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда Конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратилиши, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?