Сенат раиси Наманганда

18:38 19 Апрель 2023 Жамият
794 0

Фото: Халқ сўзи

Жамоатчилик вакиллари, фаоллар, депутатлар билан учрашувлар ўтказиш учун Наманган вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева сафарини Уйчи туманидаги Ёркатай кичик саноат зонасидан бошлади. Дастлаб Сенат раиси Ёркатай маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган мазкур кичик саноат зонасида тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳунарманд хотин-қизлар фаолияти билан танишди. Бу ерда олдингилар қаторида иш бошлаган тадбиркор аёл, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси Моҳидил Бўронова хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида олиб бораётган фаолияти ҳақида сўзлаб берди. КСЗда “Устоз-шогирд” йўналишида тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизларнинг тайёрлаган маҳсулотлари меҳмонлар эътиборини тортди.

Саноат зонасида фаолият кўрсатаётган “Агро соф захира” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишув чоғида бу ердаги тикув - тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни ва корхонанинг истиқболдаги режалари ҳам меҳмонларга манзур бўлди. 

Шундан сўнг Сенат раиси Ёркатай МФЙнинг янги биносида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, маҳалла бешлиги – МФЙ раиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ҳоким ёрдамчиси ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди, ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. 

Навбатдаги ташриф манзили – Наманган давлат университетида Т. Нарбаева вилоятнинг етакчи олий таълим муассасасида талаба ёшлар учун яратилган шарт-шароит, замонавий таҳсил имкониятлари билан қизиқди. Айни жараёнда университетда ўтказилаётган “Референдум ва ёшлар” тадбирида иштирок этиб, талабалар билан юзма-юз мулоқот қилди.Суҳбат асносида янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти, ҳусусан, келажагимиз эгалари ҳуқуқлари янада кенгайтирилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ёшлар кичик саноат зонаси маҳаллий тадбиркорлар учун имкониятларни ишга солиш майдонига айланган. Жами 10 гектардан иборат мажмуада 46 нафар тадбиркор 612,3 миллиард сўмлик қийматдаги лойиҳани амалга ошириб, 6470 та янги ишчи ўрни яратишни мақсад қилган. Ҳозирги вақтга қадар ишга туширилган субъектларнинг кўпчилиги ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришни бошлади. Олий Мажлис Сенати раисига яқин вақт ичида ижросини топадиган истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Вилоят марказидаги “Ишга марҳамат” мономарказига ташриф пайтида Танзила Камоловнага бу ерда 6 та соҳа, 28 та касбий йўналишлар ва бешта чет тилларга ўқитиш режалаштирилиб, йил давомида 3240 нафар ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш йўлга қўйилганлиги ҳақида сўзлаб беришди. Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш масканида ҳозирга қадар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” га киритилган 5782 нафар фуқаро ўқитилиб, кўпчилигининг бандлиги таъминланди.

Сенат раисининг Наманганга ташрифи давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер