Саудияда Украина тақдири муҳокама қилинмоқда

14:00 18 Февраль 2025 Дунё
378 0

Бугун АҚШ ва Россия вакиллари Саудия Арабистонида Украинадаги урушни тугатиш масаласини кўриб чиқмоқда. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ушбу музокараси Трамп ва Путиннинг учрашувини таъминлаб бериши мумкин.

Қайд этиш керакки, ўтган ҳафта Трамп маъмурияти Украина ва Европасиз урушни ҳал қилишга киришганидан кейин Европа давлатлари душанба куни Парижда фавқулодда музокаралар ўтказганди.

Хабар қилинишича, Франциядаги учрашув мавзуси Европа қўшинларини Украинага жойлаштириш ва минтақа иттифоқчиларининг мудофаа харажатларини кўпайтириш бўлган. Шунингдек, қитъанинг миллий хавфсизлиги учун муҳим масалалар муҳокама қилинди.

НАТО котиби Марк Рютте Париж музокаралари Европа раҳбарлари учун тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашда стратегия тузиш учун имконият яратганини маълум қилди. Котибнинг айтишича, Украина тинчлигини таъминлашда мамлакатга тинчликпарвар кучлар ҳам жойлаштирилиши мумкин. Бу жараёнга Америка ҳам қўшилиши муҳим саналади. Шундагина Путин қайтиб тажовуз қилмайди.

Украина президенти Владимир Зеленский Париж саммитидан кейин Макрон билан суҳбатлашиб, Украина учун ишончли хавфсизлик кафолатларини талаб қилган. Трамп маъмурияти вакили Пит Хегсет Украинанинг НАТОга аъзолигини сўроқ остига олиши, Европа хавфсизлиги энди Америка учун устувор эмаслигини айтганидан буён минтақа ташвишга тушиб қолди. Трамп ва Путин суҳбати эса «дард устига чипқон» бўлди.

Ундан ташқари жума куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида нутқ сўзлаган АҚШ вице-президенти ДЖ Венс Европа вакилларини сўз эркинлигини таъқиб қилишда айблаган.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг Россия ва Евроосиё бўйича катта ходими Найжел Гоулд-Девисга кўра, Трамп ҳокимияти жараённи тезроқ ҳал қилиш асносида шошқалоқлик қилмоқда ва бу бир қатор заиф нуқталарни очиб беради. Билдирилишича, ушбу ҳаракат натижасида Путиннинг қўлида эксплуатация қилиш учун кўп имкониятлар тўпланиб қолади.

Зеленский «Украинасиз Украина ҳақида» тамойилига рози эмас. Агар Вашингтон Киевга хавфсизлик кафолатини берса, Зеленский Қўшма Штатларни қизиқтираётган ноёб ер минералларига киришга рухсат беради.

Маълумотларга кўра, Трампнинг Россия-Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог пайшанба куни Украинага ташриф буюради ва Зеленский уни фронтдаги аскарлар билан учраштирмоқчи. Шунда у ҳақиқий вазиятни ўз кўзи билан кўради.

Айни соатларда Саудияда АҚШ ва Россия расмийлари ўртасида музокаралар давом этмоқда. CNN томонидан Россия муросага келишга тайёрми ёки йўқми, деган саволга Лавров музокараларга жиддий ёндашиш кераклигини айтган, холос.

Шунингдек, Зеленский бугун эрталаб Туркияга етиб боргани маълум қилинди. Ҳозирча бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер