Саудия Арабистони матбуоти Ўзбекистон Президентининг «Марказий Осиё – КАДҲК» биринчи саммитидаги иштирокини ёритишда давом этмоқда
Фото: «Дунё» АА
Саудия Арабистонининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 июль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти бўйича давлат раҳбарларининг биринчи саммитидаги иштирокини ёритишда давом этмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, етакчи Al-Sharq Al-Awsat (“Яқин Шарқ”) газетаси саҳифаларида ушбу мавзуга оид иккита салмоқли мақола чоп этилди.
Муаллиф Абдулҳади Ҳабтур қаламига мансуб “Кўрфаз давлатлари – Марказий Осиё” саммити стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоевнинг сўзларига таяниб ёзилишича, Кўрфаз давлатлари Кенгаши – Марказий Осиё” саммити “тарихий воқеа” бўлгани ҳолда ушбу тадбир геосиёсат ва геоиқтисодиёт нуқтаи назаридан дунёнинг икки ўта муҳим минтақаси ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг янги шакли ўлароқ қайд этилган.
Таъкидланганидек, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик, мураккаб халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, стратегик аҳамиятга эга. Томонлар ўртасидаги мавжуд муносабатларни замонавий шароитда мустаҳкамлаш ҳар икки минтақанинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради.
Саудия Арабистони билан муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Саудия Арабистони нафақат араб ва ислом мамлакатларида, балки бутун дунёда катта ишонч ва молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир.
Британиялик тадқиқотчи, географ олим ҳамда геосиёсат асосчиларидан бири Жон Макиндер ва “Кўрфаз тадқиқотлар маркази” президенти доктор Абдулазиз бин Сақарнинг Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ҳам саудиялик газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
“Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик Кўрфаз давлатлари учун нафақат сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва маданий жиҳатдан эҳтиёж, балки стратегик зарурат ҳамдир”, дейди “Кўрфаз тадқиқотлар маркази” президенти доктор Абдулазиз бин Сақар “Al-Sharq Al-Awsat” нашрига берган интервьюсида.
Икки минтақанинг ўхшаш жиҳатлари сифатида доктор Абдулазиз бин Сақар қуйидаги фикрларини ҳам билдиради: “Бу икки минтақа бугунги куннинг энг долзарб ва муҳим мавзуларидан бири ҳамда ўзаро муносабатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб турган табиий ресурслар, хусусан, нефть ва газ заҳираларига эга, айни пайтда ҳар икки минтақа бутун дунёда авж олаётган терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир”.
“Марказий Осиё шахмат тахтасида Кўрфаз давлатлари мавжудлигининг аҳамияти” сарлавҳали мақолада эса Марказий Осиёнинг беш давлати – Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жойлашуви, геостратегик аҳамияти, табиий бойликлари ҳамда минтақага қаратилган халқаро эътибор атрофлича таҳлил қилинган.
Экспертларнинг фикрларига таянилган ҳолда таъкидланишича, Кўрфаз давлатлари, айниқса, Саудия Арабистони асрлар давомида улкан Ислом империясининг мантиқий давоми ҳисобланган Марказий Осиё мамлакатлари билан пешқадамлар сафида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириб келмоқда.
“Кўрфаз давлатларининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги стратегиясида иқтисодий соҳа асосий йўналиш ҳисобланади. Бунда таълим соҳасининг барча бўғинлари, олий таълим, илмий-тадқиқот марказлари билан алоқалар ўрнатиш, инновацион тадқиқотларни молиялаштириш, университет ва тадқиқот марказларини ишбилармон доиралар билан боғлаш, олий таълим даргоҳлари ҳузурида замонавий инновацияларга асосланган техник уюшмалар яратиш ва уларнинг ишланмаларини миллий иқтисодиётда қўллаш назарда тутилган”, деб ёзади нашр.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг