Саноат «занжири» — иқтисодий ўсиш калити

16:00 27 Январь 2021 Иқтисодиёт
1291 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш борасида олдимизда турган вазифаларни белгилаб берди. Бу вазифалар турмушимизнинг барча жабҳасини, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини, жамиятда ёшлар ва аёллар мавқеини янада юксалтириш каби масалаларни қамраб олди. Уларни ҳал қилиш учун миллиард-миллиард сўм маблағлар ажратилиши белгилаб қўйилди.

Ижтимоий ривожланишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун республиканинг иқтисодий қудратини юксалтириш зарурати биринчи режага чиқади. Шунинг учун Юртбошимиз иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдаги саноат “занжир”ларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришишимиз лозимлигини таъкидлаб, шу йилнинг 1 апрелигача истиқболли саноат кластерлари рўйхатини аниқлаб, уларнинг жадал равнақи учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш ҳақида ҳукуматга топшириқ берди.

Айтиш жоизки, ушбу рўйхатни тузиш ва дастур ишлаб чиқиш учун масалага чуқур илмий-назарий, услубий ёндашув ҳамда катта амалий тажриба талаб қилинади. Жаҳон иқтисодиёт фанини ривожлантириш тарихида америкалик олим, Гарвард университети профессори Майкл Портер устунликни таъминловчи рақобат стратегияларини ишлаб чиқиш услубиётини яратиб, бизнесни кластерлаштириш назариясининг муаллифи сифатида дунёга танилган. Майкл Портернинг “Рақобат устунлиги: юқори натижага эришиш ва унинг барқарорлигини таъминлаш” номли асари Америкада 1985 йилда эълон қилинган.

Бугунги кунда компаниялар товарлар, сармоялар, керакли ахборотларни дунёнинг исталган нуқтасидан компьютер клавиатурасидаги бир неча тугмани босиб топа олиши мумкин. Шунинг учун нисбатан очиқ бозорлар, тезкор алоқа ва транспортировка имкониятлари рақобатда жойлашиш ўрнининг аҳамиятини назарий жиҳатдан пасайтириши мумкин. Агар жойлашиш ўрни аҳамиятга эга бўлмаса, унда нима учун бошқа минтақаларга нисбатан Бостонда жамоавий инвесторни топиш имконияти юқори? Нима учун Шимолий Каролина ва Жанубий Каролинада жойлашган тўқимачилик саноати компаниялари, жанубий Германиядаги юқори унумли автомобиль компаниялари, шимолий Италиядаги замонавий пойабзал ишлаб чиқарувчи компаниялар дунё бозорида рақобат устунлигига эга?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Портер ривожланган мамлакатлар иқтисодиётини ташкил этиш шаклларидаги ўзига хос хусусиятларни ўрганган ва муваффақиятнинг асосида бизнесни кластерлаштириш ётганлигини исботлаб берган. Кластерлар миллий, минтақавий, мамлакат иқтисодиётининг алоҳида хусусиятларини ўзида мужассамлаштиради. Масалан, Силикон водийси ёки Голливуд дунёдаги энг муҳим кластерлардир. Бироқ инновациялар ва рақобатдаги муваффақият маълум жуғрофий маконларда тўпланишига қарамай, компаниялар жойлашган маконнинг аҳамияти узоқ вақтгача етарли баҳоланмаган.

Бизнесни кластерлаштириш моделларини танлашда қулай жойга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ушбу маконда табиий моддий ресурслар, инфратузилма объектларининг борлиги, маҳаллий аҳоли маълум бир касбий маҳоратга ихтисослашган бўлиши лозим. Ана шундагина жуғрофий жиҳатдан яқин, ўзаро боғланган компаниялар ва шу соҳада фаолият юритаётган ташкилотлардан иборат кластер ташкил этиш мумкин.

Бунга мисол сифатида Калифорниядаги виночилик кластерини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. У бир неча минг мустақил узумчиларни жамлаган 680 тижорат вино корхонасини бирлаштиради. Унинг таркибида узумчилик ва виночиликни қўллаб-қувватлайдиган қатор саноат корхоналари бор. Улар — узум хом ашёси, ирригация ва тайёрлаш жиҳозлари ёки бочка ҳамда ёрлиқлар етказиб берувчи ташкилотлар, жамоатчилик билан алоқаларни юритувчи ҳамда реклама компаниялари, истеъмолчилар ва савдо аудиторияларига мўлжалланган хилма-хил нашрлардан иборат. Булардан ташқари, Дэвисдаги Калифорния университетининг дунёга машҳур виночилик ва энология дастури, Виночилик институти, Калифорния Сенати ва Ассамблеясининг махсус қўмитаси ҳам кластер таркибига киради.

Италиядаги чарм кийим ва пойабзал кластерининг тузилиши ҳам ўрганишга арзийди. У кўпчиликка маълум бўлган “Ferragamo Gucci” пойабзал компанияси, кўплаб ихтисослаштирилган ускуналар, шаблонлар, дизайнер хизматлари ва ошланган тери етказиб берувчилардан иборат. Унинг таркибида чармдан тайёрланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи турдош тармоқлар ҳам бор. Кийимлар, шарфлар, аксессуарлар каби тўқимачилик буюмлари ишлаб чиқарувчи турдош тармоқлардан иборат Италия кластери ҳам фақат Европа эмас, бошқа қитъаларда ҳам истеъмолчиларга яхши таниш.

Кластер унинг таркибидаги ҳар бир корхонага ишлаб чиқариш ҳажмининг миқёсини кенгайтириш эвазига юқори фойда олиш имконини беради. Чунки корхоналар ўртасида хом ашё, жиҳозлар ва бошқа ресурсларни сотиб олиш, ишлаб чиқарган маҳсулотини эса сотиш харажатларидан озод.

Кластерлаштириш зарурати муайян мамлакатнинг алоҳида хусусиятларидан ҳам келиб чиқади. Масалан, Исроилда ирригация ва бошқа қишлоқ хўжалиги технологиялари кластери сув танқислиги, шунингдек, иссиқ, қуруқ иқлим шароитида барча ресурсдан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини берадиган ускуналар ишлаб чиқаради. Финляндиядаги экологик кластер атроф-муҳитни бузадиган металлургия, ўрмон хўжалиги, кимё ва энергетика каби қайта ишловчи саноат корхоналарида ягона экологик меъёрларни ўрнатишга қаратилган.

Ҳар қандай кластерни ташкил қилиш учун вертикал интеграция стратегиясидан фойдаланилади. Бу шундай усулки, унинг ёрдамида компания технологик “занжир”да ўз чиқиш босқичларини (орқага интеграция) ёки унинг кириш босқичларини (олдинга интеграция) юзага келтиради.

Интеграция тўлиқ ва тор бўлиши мумкин. Тўлиқ интеграцияда барча кириш ёки чиқишлар бирлашади. Тор интеграцияга компаниянинг кириш унсурларининг бир қисмини сотиб олиш, қолганларини ўз кучи билан ишлаб чиқариш мисол бўла олади.

Вертикал интеграциядан фойдаланадиган компания одатда ўзининг асосий дастлабки бизнесига хос рақобатчилик мавқеини кучайтириш истаги билан изоҳланади.

Бунга қуйидагилар сабаб бўлади:

харажатларни тежаш;

интеграцияланаётган ишлаб чиқаришда бозор қийматидан четланиш;

сифат назоратини яхшилаш;

ўз технологиясини ҳимоялаш.

Аммо вертикал интеграциянинг салбий томонлари ҳам бор. Уларнинг ичида энг муҳими қуйидагилар:

технологиялар тез алмашгандаги йўқотишлар;

талабнинг мавҳум бўлгандаги йўқотишлар.

Агар компаниянинг ташқи арзон таъминот манбалари мавжуд бўлсаю, ўз ишлаб чиқаришидан фойдаланса, вертикал интеграция харажатларини кўпайтириб юбориши мумкин. Бу компания ичида рақобатнинг йўқлиги сабабли ҳам юз бериши мумкин бўлиб, у шуъба корхоналарни (етказиб берувчиларни) ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга ундамайди.

Технология кескин ўзгарганда компаниянинг эскирган технологияга боғланиб қолиши хавфи вужудга келади. Талаб доимий бўлганда юқорироқ интеграция даражаси маҳсулот ишлаб чиқаришни ишончлироқ ҳимоялаш ва мувофиқлаштиришга имкон беради. Талаб беқарор ва мавҳум бўлса вертикал интеграцияда мувофиқлаштириш қийин кечади. Бу бошқарув қийматининг ўсишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда тор интеграция тўла интеграцияга қараганда хавфсизроқ бўлиб чиқиши мумкин.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, тор интеграция тўла интеграцияга қараганда харажатларни камайтиришга имкон беради. Бу эса айрим шароитларда компанияга вертикал интеграцияни кенгайтириш имконини беради.

Умуман олганда, тор интеграция бошқарув харажатларини камайтириши мумкин бўлса-да, у харажатларни батамом бартараф қила олмайди.

Компания бунга тескари стратегия сифатида етказиб берувчилар ёки истеъмолчилар билан узоқ муддатли шартномалардан фойдаланиши мумкин. Бундай алоқалар кредит мажбуриятларидан ёки ишлаб чиқаришни ривожлантиришга гаров инвестицияларидан фойдаланишда, айниқса, катта самара беради. Бу бошқарув харажатларини оширмай туриб, вертикал интеграция самарасига эришиш имконини яратади.

Вертикал интеграция асосида корхоналарни кластерларга бирлаштиришнинг яна бир муаммоси бор: уюшадиган ишлаб чиқариш қувватлари бир-бирига мутаносиб бўлиши керак, акс ҳолда улар ишламай, бўш туриб қолади, қувватлардан фойдаланиш кўрсаткичлари пасайиб кетади. Бу ҳолатни аниқ тасаввур қилиш учун диаметри турлича бўлган қувурлардан ясалган сув ўтказгични кўз олдингизга келтиринг. Сув ўтказгичнинг қуввати энг ингичка қувур диаметри билан чекланади.

Юқорида асосланган назарий қарашлар ва илмий ёндашувларга риоя қилиш тузилаётган кластерларнинг юқори самарадорлигини таъминлашга кафолат бўлади. Масаланинг амалий жиҳатига келсак, мамлакатимизнинг Бухоро ва бошқа вилоятларида ташкил этилган пахтачилик-тўқимачилик, доришунослик кластерлари қисқа вақт ичида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, юқори самарадорликка эришишда намуна бўляпти. Ушбу тажрибани иқтисодиётимизнинг бошқа тармоқларига ҳам татбиқ этиб, мева-сабзавот, чорвачилик, пиллачилик маҳсулотларини қайта ишловчи, уларга зарур ускуналар ва қадоқлаш ашёлари етказиб берувчи корхоналардан, илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик тузилмаларидан, ўқув муассасаларидан иборат кластерлар тузилса, миллий иқтисодиётимизнинг дунё бозорида рақобатбардошлиги янада ошади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?