Самосуд жазо эмас, зўравонликни орттирувчи иллатдир
Видеодан кадр
Саминжон ҲУСАНОВ. /«Халқ сўзи». Андижонда аёл киши бошқа бир аёлга тазйиқ ўтказаётгани акс этган видеолавҳа жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Баҳс-мунозараларда, табиийки, инсон ҳақ-ҳуқуқларига масъул идоралар қаёққа қараётганлиги, жамиятда нима учун зўравонлик ҳолатлари урчиётгани ҳақидаги фикрлар билдирилди. Бу каби саволларга жавоб беришдан аввал ҳолатни яна бир бор эслаш лозим.
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, бу воқеа 2024 йил 15 декабрь куни Андижон шаҳридаги «Ҳунарманд» маҳалласида фаолият юритаётган савдо дўконида юз берган. 1992 йилда туғилган А. Ф. исмли фуқаро 2005 йилда туғилган ўзининг ишчиси С.С. исмли қизга нисбатан зўравонлик қилган. Видеода қайд этилган ҳолатда, қарз масаласини баҳона қилиб, қизга тазйиқ, таҳқирлаш ва ҳатто калтаклаш ҳолати содир этилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Афсуски, жабрланувчи бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёки яқинларига хабар бермаган. Бу эса жамиятимизда кўплаб шунга ўхшаш ҳолатларнинг ёпиқ қолишига хизмат қилувчи жиддий омиллардан биридир.
Қонун бор экан «ўзбошимча жазо»га йўл йўқ
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
– Шахснинг иккинчи шахс томонидан жазоланиши қонунбузарлик ҳисобланади, – дейди ҳуқуқшунос Абдураҳмон Иброҳимов. – Бу ҳаракат Жиноят кодексининг 138-моддасидан ташқари, 207-моддаси — «ҳокимиятни ўзлаштириш» билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон қонунчилигида жазо бериш фақат давлат органлари — суд, прокуратура, ички ишлар тизимлари ваколатидадир. Қонун устуворлиги тамойилини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши шарт.
Самосуд: руҳий зўравонликнинг ижтимоий сабаблари
Тан олиш керак, кейинги пайтларда самосуд ҳолатлари оз бўлсада учраб турибди. Психолог Лайло Аҳмедованинг фикрига кўра, бундай воқеалар нафақат ҳуқуқий, балки руҳий, тарбиявий ва ижтимоий омиллар билан боғлиқ.
– Бундай хатти-ҳаракатлар кўпинча тўпланган ички қониқмаслик, руҳий мувозанатсизлик ва муваффақиятсиз ижтимоий муносабатлар натижасида юзага келади, – дейди у. – Инсон ўзини ҳаётда ҳимоясиз ҳис қилса, кучини заифга ишлатишга уринади. Айниқса, раҳбарлик лавозимидаги шахсларда «Менга ҳамма бўйсуниши керак» деган ёлғон ишонч шаклланади. Бу муаммонинг илдизи кўп ҳолатда – болаликда кўрилган тамагирлик, беэътиборлик, камситиш ёки «ўзини фақат қаттиққўллик билан ҳимоя қилиш» стереотипида бўлади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, иш берувчиларда руҳий барқарорлик, мулоқот маданияти ва ҳуқуқий билимлар етишмаса, улар ўз шахсий муаммоларини атрофдагилардан «қасд олиш» йўли билан ҳал қилишга уринишади. Бу эса иш жойидаги салбий муҳитни, меҳнат самарадорлигини ва энг асосийси – инсон шаънини йўққа чиқаради.
Қонун ишчидан ҳам, иш берувчидан ҳам бурчни талаб қилади
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ишчи ва иш берувчи ўртасидаги муносабатлар аниқ белгилаб берилган. Жумладан, кодекснинг 6-моддасида ходимнинг шахсий қадр-қиммати, шаъни ва номусини ҳурмат қилиш талаб қилинган. 41-моддага кўра, иш берувчи меҳнат шароитларини яратиши, ишчиларни камситишдан ҳимоя қилиши шарт. 180-моддада иш берувчи томонидан тамагирлик, беҳурматлик, ҳуқуқларни чеклаш мумкин эмаслиги қайд этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иш жойида зўравонликка дуч келган ишчи 132-моддага кўра шартномани бекор қилиш ва мутасадди органларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу норма ишчига ҳам, иш берувчига ҳам жавобгарлик юклаши билан муҳим. Чунки меҳнат муносабатлари иш ҳаққидан кўра инсон қадрига асосланиши керак.
Ҳуқуқий савия ва жамият ҳиссиёти
Ҳар қандай самосуд – жамиятда ҳуқуқий билим етишмаслигидан, жазо бериш ваколатининг фақат давлатга тегишли эканини англамасликдан юзага келади. Бунинг олдини олиш учун иш берувчиларга мўлжалланган ҳуқуқий саводхонлик курсларини жорий этиш зарур. Ёшлар учун «Инсон қадри», «Ҳуқуқ ва бурч», «Муомала ва муносабат маданияти» мавзуларида тарғибот ишларини кучайтириш даркор. Меҳнат инспекциялари томонидан иш жойларида назорат ва тушунтириш ишларини тизимли ташкил этиш керак. Афсуски, бу борадаги амалиётни қониқарли, деб бўлмайди.
Хулоса
Андижон шаҳрида кузатилган бу ҳолатга жамиятда ҳануз жон сақлаётган зўравонлик, ҳуқуқсизлик, сукут, қўрқув ва «менга дахли йўқ» қабилидаги қарашларининг маҳсули, дея баҳо бериш ўринли бўлади. Агар биз бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жим турсак, бефарқлик, лоқайдлик билан қарасак, эртага унинг қурбони ўзимиз ёки яқинларимиз бўлиши мумкинлигини унутмайлик. Зеро, ҳар қандай зўравонликка қарши курашиш жабрланувчинигина эмас, балки, балки жамиятни ҳимоя қилиш демакдир. Ҳолат юзасидан сўнгги сўзни тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан кутиб қоламиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг