Самимий туйғуларни миллий оҳангларда акс эттирган ижодкор
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли композитор, профессор Ҳабибулла Раҳимовнинг ижодий кечаси бўлиб ўтди.
Кечага профессор, мусиқашунос ҳамда санъатсеварлар, шунингдек, ижодкорнинг дўстлари ва яқинлари жам бўлди.
Тадбир аввалида устоз ижодкорлар сўзга чиқиб, санъат фидойисининг босиб ўтган ҳаёт йўли, ижодий ишлари ҳақида сўз юритдилар. Шундан сўнг оркестр ва шогирдлари иштирокида ижодкорнинг репертуаридан тузилган концерт йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон композиторлик мактабининг йирик намоёндаси, таниқли санъатшунос, мусиқа илмининг фидойиси Ҳабибулла Раҳимов миллий санъатимиз ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган устоз-мураббий ва жамоат арбоби саналади. Ижодкор яратган асарлари ҳамда педагогик фаолияти орқали ўзбек мусиқа санъатида алоҳида ўрин эгаллаган, десак, адашмаган бўламиз.
— Ҳабибулла Раҳимов ижодий фаолияти давомида турли жанрларда асарлар яратган, миллий ва умуминсоний қадриятларни мукаммал ўрганган ҳолда шахсий ижод услубини яратишга муяссар бўлган, — дейди профессор Исмоил Жалилов, — Композиторнинг ҳар бир асарида, унинг жанри ёки мавзу доирасидан қатъий назар теран миллий асос мавжуд, дид, оҳанг танлови, услубий яхлитлик ва бадиий муштараклик бор. Ижодкор замон воқеликларини теран англаган ҳолда айни даврнинг долзарб мавзуларига, инсоният ва миллий қадриятларга мурожаат қилади. Ҳабибулла Раҳимов, таъбир жоиз бўлса, кечанинг эрта учун йўлланган, бироқ айни замонда, ёнимизда яшаб, ижод қилаётган одамидир.
Дарҳақиқат, атоқли композитор Ҳабибулла Раҳимовнинг ҳаёти ва ижоди, яратган асарлари тадқиқотчилар, мусиқашунослар томонидан ўрганилиб йирик илмий тадқиқотлар олиб борилишига, махсус адабиётлар, ўқув қўлланмалар ҳамда дарсликларнинг дунё юзини кўришда муҳим омил ўлароқ хизмат қилмоқда.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг