Самарқандда Олтиариқ тажрибаси кенгайтирилмоқда

15:02 20 Август 2024 Жамият
128 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўз». Самарқанд вилоятида бугунги кунда 73,2 минг гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Шунингдек, 90,4 минг гектар ғалладан бўшаган майдоннинг 4,1 минг гектарига сабзавот, 15 минг гектарига картошка, 35,1 минг гектарига дуккакли 36,3 минг гектарига озуқа экинлари экилган.

Соҳада жорий йилда қиймати 451 миллиард сўмлик 104 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилиб, 641 та иш ўрни яратилди. Жумладан, 4,2 минг гектар боғ, 5,6 минг гектар токзор барпо этилган.

Биргина, Самарқанд туманида бугунги кунда 3850 гектар ер майдонда узумзор мавжуд бўлиб, 40307 тонна ҳосил кутилмоқда. Ушбу маҳсулотлар тумандаги 49485 тонна сиғимга эга 66 та музлатгичли омборхоналарда сақланади.

Туманидаги «Аъзам Азамат агро» кўп тармоқли фермер хўжалигида 115 гектар майдонда Туркия технологияси асосида интенсив боғ барпо қилиниб, олма, шафтоли ва узум етиштирилмоқда.

Етиштирилган ҳосилнинг 40 фоизи ички бозорга, қолгани экспорт қилинмоқда. Токлар асосан вайиш усулида парваришланмоқда.

— Узумчиликни Фарғона водийсининг Олтиариқ тажрибаси асосида ташкил қилганмиз, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Аҳмаджон Султонов. — Бу усул ер майдони, озуқа ва сувни тежайди. Узумнинг кишмиш, тоифи, ризамат ва бошқа 10 га яқин навларини етиштиряпмиз. Тоифи ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Гектаридан 30 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Ҳозирда ҳар 3-4 кунда етилган узумларни йиғиб оляпмиз. 20 гектар интенсив олма ва узум ҳосилининг асосий қисмини 1250 тонналик музлаткичимизда экспорт учун сақлаймиз. Россия Федерацияси билан 2 минг тонна узум етказиб бериш бўйича шартнома қилганмиз. Кунига 1500 тагача пластмасса яшик ишлаб чиқариш цехимиз бор. Бу идишлар меваларни йиғиб олиш ва сақлашда қўл келяпти.

Хўжаликнинг 20 гектар интенсив боғида олма ва шафтоли айни пишиб етилган. Жорий йилнинг шу давригача 600 тоннадан ортиқ мева ҳамда 500 тоннадан ортиқ узум ҳосили йиғиб олинган.

Хўжалик томонидан жорий йилда 300 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, йил охиригача яна 400 минг доллар миқдоридаги узум маҳсулоти экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалигида 70 нафар доимий, 150 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилмоқда.

Тойлоқ туманида жами 598 та фермер хўжалиги 12 минг 299 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб келяпти. Мазкур фермер хўжаликлари тасарруфида 2618 гектар токзор, 881 гектар боғ, 465 гектар тутзор мавжуд. Яқинда экилган дарахт ва ток кўчатлари ўсиб, тўлиқ ҳосилга кириб, соя солгунга қадар қатор ораларида деҳқонлар турли хил полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад топмоқда.

Хусусан, тумандаги «Эрматов Суюнбой Бобоқулович» фермер хўжалиги аъзолари боғ қатор ораларига экин экиб, уч мартагача ҳосил олиб, ердан самарали фойдаланиб келмоқда.

— Тасарруфимиздаги 30 гектар ернинг 15 гектарида боғ яратилган, — дейди фермер хўжалиги раиси Суюнбой Эрматов. — Унинг 2,5 гектари янги боғ. Дарахтлар ҳали кичик бўлгани учун қатор орасида биринчи экин картошка етиштирдик. Эндиликда иккинчи экин сифатида ловия, карам, пиёз, булғор қалампири, шолғом, сабзи парваришлаяпмиз. Кейин кеч кузда тўқсонбости усулида саримсоқпиёз, пиёз ва бошқа экинлар экишни режалаштирганмиз. Ҳар бир қатор 10 сотихни ташкил этади. Ҳар қатордан ўртача 5-6 миллион сўмлик ҳосил олиб, йилига 100 миллион сўмга яқин даромад топяпмиз.

Ҳозирги кунда туманда 2025 йил ҳосили учун жами 1283 гектар боғ ва ток қатор ораларига тўқсонбости экин сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғини қадаш режалаштирилган. Шундан, 537 гектарида пиёз, 50 гектар майдонда саримсоқпиёз етиштирилса, 288 гектарида сабзи, 124 гектар майдонда лавлаги шунингдек, 284 гектар ерда кўкатлар экиш режалаштирилган.

Дастлабки ярим йиллик таҳлилга кўра, қишлоқ хўжалиги ўсиш суръати вилоятда энг юқори соҳалардан бири саналади. Ушбу йўналишда Самарқанд республикада учинчи ўринда қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?