Самарқандда йўлдаги кўлмакка чўмилган блогер қамалди

17:31 25 Март 2025 Жамият
194 0

Видеодан кадр

Самарқандда йўл ўртасида ҳосил бўлган кўлмакда чўмилган блогер 10 суткага қамалди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кеча, 24 март куни юртимизнинг кўплаб ҳудудларида ёғингарчилик кузатилди, айрим жойларда кучли ёмғир ёғиши қайд этилди. Бунинг натижасида баъзи йўлларни сув босиб, кичик тошқинлар юз берди.

Шу каби ҳолат Самарқанд вилоятининг Ургут тумани «Кенагас» МФЙ ҳудудидан ўтган Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи М39 йўлида ҳам содир бўлди. Кучли ёғингарчилик сабаб йўлнинг қатнов қисмида ёмғир сувлари тўпланиб қолган.

Бу ҳолатга танқидий ёндашган маҳаллий блогерлардан бири Д.Ў. йўл ўртасида ҳосил бўлган кўлмакда чўмилиб, ҳолат тасвирланган видеони ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаган. Видеода эркак йўлдаги чуқурлар «бассейн»дек бўлиб кетганини айтган.

«Шунақа чуқурлардан бирига машина тушиб кетиб, балони йиртилиб кетди. Ҳатто чўмилишингиз ҳам мумкин. Ҳозир чўмилиб кўрсатаман», деган блогер.

Мазкур видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлгач, Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ҳолат юзасидан муносабат тилдирди.

Қайд этилишича, йўл ўртасига чиқиб чўмилган блогерга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиш ёки ахлоққа зид хатти-ҳаракатларни амалга ошириш сизга тенгдошларингиз орасида мана шундай «машҳурлик» олиб келиши унча ёқимли бўлмаса керак?» дейилади ЙҲХБ хабарида.

Қизиғи шундаки, интернетда блогер қамалган куннинг ўзида айнан ўша ҳудуддаги чуқурлар икки нафар махсус кийимдаги ишчи ходим томонидан ямалаётгани акс этган тасвирлар тарқалди.

Видео муаллифи юқорида номи келтирилган блогерга мурожаат қилиб, у тўғри иш қилганини, эндиликда Ўзбекистондаги нотекис йўлларни шу йўл билан тўғрилаш мумкин эканини айтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?