Самарқандда ИИО ходимлари ҳожатхонага тушиб кетган чақалоқни қутқариб қолди

18:06 03 Март 2025 Жамият
266 0

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ИИО ходимлари ҳожатхона ўрасига тушиб кетган чақалоқни қутқариб қолди. Бу ҳақда МY5 телеканалида хабар берилди.

Қайд этилишича, тўрт нафар боланинг онаси шифокор олдига соғлиғидан шикоят қилиб борганидагина бешинчи фарзандига ҳомиладор эканидан хабар топган. Аёл ўша куни ҳожатхонага кирган вақтида кўзи ёриган ва кучсиз ҳолда чақалоғини эҳтиётсизлик билан ҳожатхона тешигига тушириб юборган.

Бола йиғисини шу атрофда бўлган шифокорлардан бири эшитиб қолган ва поликлиникага яқин ҳудудда жойлашган ИИБ бўлими профилактика инспекторларини ёрдамга чақирган.

Ички ишлар органлари ходимлари уни чиқариб олиш учун ҳожатхона ёнидан туйнук очган. Икки соат мобайнида ўрада қолиб кетган чақалоқ узоқ уринишлардан сўнг чуқурдан чиқариб олган.

Бола 1 март куни туман марказий шифохонасига олиб борилган. Таъкидланишича, айни пайтда унинг ҳолати қониқарли ҳамда шифокорларнинг доимий назорати остида махсус интенсив хонада парваришланмоқда.

«Келганида бола жуда ҳам музлаб қолганди, ҳозир аҳволи анча тузук. Онаси ҳам ўзини яхши ҳис қиляпти, берган саволларимизга яхши жавоб беряпти», деди шифокор Фармон Қўшмуродов.

Маълум бўлишича, чақалоққа уни қутқариб қолган ИИО ходимининг исмини қўйишмоқчи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?