Самарқандда CITES CoP20 бошланди: Марказий Осиё ёввойи табиатни муҳофаза қилишда бирлашмоқда
Самарқанд 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция (CITES) иштирокчи давлатларининг 20-Конференцияси (CITES CoP20) га мезбонлик қилмоқда.
Анжуман доирасидаги илк панел сессия «CITES CoP20 конференциясининг стратегик таъсирини ошириш. Сиёсатдан амалиётга: ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ тартибга солинадиган савдо соҳасида мониторинг, молиялаштириш ва амалий чоралар» мавзусида бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон 1997 йилдан бери CITES Конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади ва Конвенция иловаларига киритилган қатор турларнинг ватани саналади. Улар қаторида қор қоплони, сайғоқ ва камёб доривор ўсимликлар бор. Самарқандда ўтаётган конференция халқаро савдо барқарорлиги, қонунийлиги ва мониторинг тизимларини такомиллаштириш, айниқса CITES I ва II иловаларига кирувчи турлар бўйича кузатув механизмларини ривожлантириш масалаларига бағишланмоқда.
CITES Котибияти, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон CoP20 самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим тадбирларни бошлади. Уларнинг энг асосийларидан бири биохилма-хилликни муҳофаза қилишга доир инновацион молиявий ечимларни илгари суришга қаратилган юқори даражадаги мулоқотдир.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, CITES Бош котиби Ивонн Игуеро ва UNDPнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии очиб берди.
Панел сессияси доирасида «Минтақадаги биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича инновацион ечимлар» мавзусида Марказий Осиё вазирлари иштирокида мулоқот ўтказилди. Унда Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нийсанбаев, Қирғиз Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири ўринбосари Алмаз Мусаев, Тожикистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода ва Туркманистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чарйгелди Бабаниязов иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов нутқида ёввойи ҳайвонлар билан ноқонуний савдо дунёдаги энг катта жиноий йўналишлардан бири эканини, гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва одам савдосидан кейин тўртинчи ўринда турганини таъкидлади.
— 2024 йилги ҳисоботга кўра, ёввойи ҳайвонлар билан ноқонуний савдо 162 мамлакатда аниқланган бўлиб, 4000 турдаги ўсимлик ва ҳайвонларга таъсир қилган, уларнинг 3250 таси CITES рўйхатига кирган. Ҳукуматлар томонидан 13 миллиондан ортиқ товар мусодара қилинган, — деди у. — Биохилма-хилликни сақлаш, хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш, табиатга асосланган туризмни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳит мутахассисларини тайёрлаш бўйича минтақавий ўқув дастурларига сармоя киритиш жуда зарур. Яқинда ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) бу борадаги тренинглар учун мезбонликка тайёр.
Юқори даражадаги мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 2026–2032 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда ёввойи фауна ва флора ресурсларидан барқарор фойдаланиш, ноқонуний савдога қарши курашиш бўйича Самарқанд декларацияси ва минтақавий ҳамкорлик режаси имзоланди.
«Traffic International» билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат минтақада биохилма-хилликка таҳдид солаётган омиллар — яшаш жойларининг йўқолиши, иқлим ўзгариши, браконьерлик ва ноқонуний савдога қарши биргаликда курашишда мамлакатларимизнинг қатъий позициясини акс эттиради.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Ян Брату билан учрашув ўтказди
- Тилда пайдо бўладиган ўзгаришлар саратон касаллигининг нозик аломати бўлиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг