Самарқандда чиқиндидан электр энергия оладиган корхона ташкил этилади

01:34 28 Май 2024 Иқтисодиёт
682 0

Фото: «Халқ сўзи»

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида Хитойнинг «Shanghai SUS Environment Co. Ltd» компанияси билан ҳамкорликда чиқиндини қайта ишлаб, электр энергияси олишга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида мазкур компания бош директори Цзишен Лонг билан учрашувда шундай келишувга эришилди. Ўзаро мулоқот чоғида ушбу лойиҳани амалга ошириш юзасидан тадбирлар режаси белгилаб олинди.

«Shanghai SUS Environment Co. Ltd» компанияси кенг қамровли глобал компания бўлиб, фаолияти инвестициялар, чиқиндиларни қайта ишлаб, электр энергияси олиш лойиҳалари, улардан фойдаланиш ва технологик такомиллаштириш, зарарли чиқиндиларни камайтирувчи ускуналар тайёрлаш ва экосаноат паркларини қуриш билан боғлиқ. Компания 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 78 та WtE лойиҳасига сармоя киритган.

«Shanghai SUS Environment Co. Ltd» компанияси 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда.

Ҳамкорликда қурилажак корхонада кунига 1000 тонна чиқиндини қайта ишлаб, ёқиш орқали 20 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда. Муҳими, янги корхонада 70 та иш ўрни яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?