Самарқандда Бурҳониддин Марғиноний мақбараси қурилиши бошланди
Президентимизнинг 2025 йил 14 мартда қабул қилинган “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган. Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида, Чокардиза қабристони ҳудудида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур қадимий қабристонда кўплаб уламолар дафн этилган. Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний сингари буюк аждодларимиз шулар жумласидандир.
Ҳудудни обод этиш жараёнида Чокардиза қабристонида дафн этилган улуғ аллома ва уламолар меросини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, буюк фақиҳ, ислом ҳуқуқшунослигининг мукаммал асари ҳисобланган “Ҳидоя” китоби муаллифи Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жойни аниқлаш борасида ҳам тадқиқотлар олиб борилди.
Шу вақтга қадар алломанинг 1197 йилда Самарқанддаги Чокардиза қабристонида дафн этилгани маълум бўлса-да, қабрнинг аниқ жойи ҳақида ҳеч қандай белгилар сақланмаган эди.

Тарихчи, манбашунос ва археолог олимларнинг уч ойдан зиёд давом этган заҳматли қазишма изланишлари натижасида олинган маълумотлар таҳлили ва қабрлар жойлашуви асосида Имом Бурҳониддин Марғиноний қабри жойлашган ҳудуд аниқланди.
Тадқиқотларда аниқланган маълумотлар ва манбалар белгиланган тартибда ўрганилгач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази фатвоси асосида Чокардиза қабристони ҳудудида Бурҳониддин Марғиноний мақбарасининг қурилишига киришилди.
— Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг дафн этилган жойи аниқлангани жуда катта тарихий воқелик бўлди, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов. — Эндиликда Чокардиза қабристонида буюк бобомизнинг мақбараси барпо этилиб, яна бир қутлуғ зиёратгоҳ маърифат ва маънавият масканига айланади.
Таниқли олим ва уламолар, вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирокида мақбара қурилишининг бошланиши муносабат билан ўтказилган тадбирда юртимизда улуғ аждодларимиз мангу ором топган жойларни обод масканга айлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар алоҳида эътироф этилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг