Самарқандда балиқ етиштириш ҳажми ортмоқда

12:14 16 Декабрь 2021 Жамият
1000 0

Жорий йилда Самарқандда мавжуд 545 та балиқчилик хўжаликлари томонидан 30 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган, амалда буни ортиғи билан уддалашга эришилмоқда.

Қорадарё соҳилида 5 гектар майдонни эгаллаган “Луқмаи ҳалол” масъулияти чекланган жамияти 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, 2017 йилда банкдан ажратилган 6 миллиард 200 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобига ҳудуди 10 гектарга кенгайтирилган.

— Натижада бу ерда балиқ етиштириш ҳажми 40 тоннадан 90 тоннага етди, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Мақсуд Акрамов. — Етиштирилган маҳсулот асосан ички бозорга йўналтирилган.

Шунингдек, “Оқ Амур балиқлари” кўп тармоқли фермер хўжалигига қарашли мавжуд 105 гектар ер майдонининг 22 гектарида сув ҳавзалари ташкил этилган бўлиб, жорий йилда юз тоннага яқин балиқ маҳсулотлари аҳоли дастурхонига етказиб берилди.

— Шу кунга қадар мамлакатимизда карп балиқларини кўпайтиришда ерда қурилган ҳавзалардан фойдаланилган, бу ҳавзаларда асосан экстенсив усулда балиқ етиштирилган ва ҳосилдорлик 10-20 центнерни ташкил этган, — дейди хўжалик иш бошқарувчиси Осмон Асанов. — Эндиликда аквакультуранинг бошқа соҳалари, жумладан, садок балиқчилиги, бассейн балиқчилиги тармоғи ривожланмоқда. Хўжалигимиз сув ҳавзаларида етиштирилган балиқларни ярим тайёр ҳолга келтириб сақлаш учун 200 тонна сиғимга эга бўлган махсус музлатгич ҳам қурганмиз. Бундан ташқари ички туризмни ривожлантириш мақсадида балиқ овлашдан тортиб уни таом ҳолатига келтиргунча бўладиган барча жараёнларни сайёҳларнинг бевосита кузатишлари учун имкониятлар яратилган.

Яна бир гап. Мазкур кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан вилоятдаги балиқчилик йўналишидаги корхоналар учун сазан, дўнгпешона, оқ амур, зоғора сингари ўнлаб турдаги балиқ чавоқлари махсус лаборатория орқали кўпайтирилиб, етказиб берилиши ҳам йўлга қўйилган.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?