Самарқандда аҳоли ва корхона ўртасида паррандачилик кооперацияси йўлга қўйилди
Фото: Халқ сўзи
Қўшработ туманидаги “Қўшработ ломанн парранда” масъулияти чекланган жамиятида Германия технологияси асосида 40 миллиард сўмлик наслли паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилиб, “Ломанн” зотли наслли жўжалар парвариш қилиб келинмоқда.
Корхона йилига 10 миллион дона наслли жўжа етиштиришга мўлжалланган бўлиб, йиллик экспорт қуввати 1 миллион долларни ташкил этади.
— Биз ўз фаолиятимизни ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб, наслли парранда етиштириш бўйича Марказий Осиёда йирик лойиҳалардан бирини амалга оширдик, — дейди “Қўшработ ломанн парранда” МЧЖ ижрочи директори Жаҳонгир Ҳабиев. — Бу ерда 80 нафар ишчи томонидан ҳар ойда 700 мингта наслли жўжа етиштирилиб сотилмоқда.
Шу тариқа маҳаллий аҳоли ва корхона ўртасида паррандачилик кооперацияси ташкил этилиб, 120 кунлик наслли товуқни кредит асосида аҳолига етказиб бериш, тухумни корхонанинг ўзи томонидан сотиб олиш фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунга қадар тумандаги 100 та хонадонга 15 мингта товуқ тарқатилган. Ҳар куни 14 минг 700 та тухум олиниб, харидорларга етказиб берилмоқда. Йил якунига қадар 1000 та хонадонга 150 минг бош товуқни тарқатиш орқали 600 нафаргача аҳолининг доимий даромад олишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Натижада туманда тухум етиштириш йилига қўшимча 27 миллион донага кўпаяди ҳамда Каттақўрғон, Нуробод, Оқдарё туманларини ҳам тухум билан таъминлаш имконияти яратилади.
— Барча жараёнлар замонавий технологиялар асосида олиб борилади. Шунинг учун ҳам инкубаторга қўйилган тухумларнинг 90-95 фоизи очиб чиқади, — дейди бангладешлик муҳандис Муҳаммад Аршад Ҳошим. — Бундан ташқари, корхонада буюртмачи талабига асосан касалликларга қарши биринчи эмлаш ишлари ҳам бажарилади.
“Тинчлик” МФЙда яшовчи Холёр Усмоновнинг турмуш ўртоғи “Аёллар дафтари”да, ўғли эса “Ёшлар дафтари”да турар эди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит ажратилиб, “Қўшработ ломанн парранда” МЧЖ корхонасидан 640 бош товуқ олиб берилди.
— Кредит ёрдамида инкубатор олиб, хонаки товуқлар очиришни бошладик, — дейди Х.Усмонов. — Натижада зотли парранда очириш ва туяқуш боқиш йўлга қўйилди. Туяқушларнинг ҳар бири 70-80 килограммдан гўшт қилади ва килосини 100 минг сўмдан сотиб олиш учун харидор бор. Бугунги кунда хонадонимизда 10 минг бошдан ортиқ жўжа, 1000 бош зотли товуқ ва 10 бош туяқуш боқилмоқда. Бу юмушлар учун 4 нафар маҳалладошимиз бандлиги таъминланган.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг