Самарқанд яна цивилизациялараро мулоқот марказига айланмоқда

13:46 03 Ноябрь 2025 Сиёсат
260 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқини тинглаб…

2025 йил 2 апрель. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева «Telegram» каналида шундай ёзган эди:

ЮНEСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ЮНEСКО ўртасидаги келишув имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Самарқанд энди расман Бош конференциянинг 43-сессияси ўтказиладиган жой сифатида белгиланди. Бу биз учун катта шараф ва масъулиятдир, негаки, сўнгги 40 йил давомида ушбу конференция Париждан бошқа ерда ўтказилмаган. Бу ижодий индустриянинг машаққатли меҳнати, халқ дипломатияси ва энг юқори даражадаги келишувлар самарасидир. Бу — жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимиз очиқлиги, ўзига хос анъаналари ва маданий мероси, бой тарихи, мусиқаси, адабиётига катта қизиқиш билан қараётганидан далолат. Биз маданият ва санъат воситасида мамлакатимизни халқаро майдонда тарғиб этмоқдамиз, дунё аҳлига янада яқинлаштирмоқдамиз. Бу алоқалар бевосита иқтисодий натижаларга уланиб, қўшма лойиҳалар ва умумий ғояларга айланмоқда.

Хуш келибсан, ЮНEСКО! Самарқандда учрашгунча!

2025 йил 30 октябрь. Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тантанали очилди.

Дунё нигоҳи яна ушбу азим шаҳарга қаратилди. Самарқанд жаҳоннинг сиёсий, маданий, тарихий пойтахти сифатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда.

Самарқанд — тарихларни, тақдирларни ўзгартиришга қодир буюк кент.

Самарқанд — дунё тарихида муҳим ўрин тутадиган, қарорлар қабул қилинадиган қароргоҳ.

Самарқанд — бутун дунёга тинчлик таратадиган, тотувликка ундайдиган, тенгликка чақирадиган улуғ манзил.

Самарқанд — урушларга хотима ясайдиган, зиддиятларга барҳам берадиган, барқарорликка эришадиган табаррук шаҳар.

Бу ҳақиқатлар Президентимизнинг ЮНEСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги тарихий нутқида ҳам яна бир бор намоён бўлди: «Конференциямиз сўнгги 40 йил ичида илк бор ЮНEСКО Бош қароргоҳидан ташқарида — кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида бўлиб ўтмоқда. Бу бизга албатта катта ифтихор бағишлайди».

Бир пайтлар Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни куч ва қудрат билан дунё марказларидан бирига айлантирган эди. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандни жаҳон дипломатиясининг энг улуғ манзилларидан бири бўлишига эришмоқда.

Давлатимиз раҳбари нутқида алоҳида қайд этганидек, анжуман инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор.

Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда бугун очиқлик сиёсати тамойилларига тўла амал қилинмоқда. Ўзбекистон тинчлик, тараққиёт, барқарорлик, сўз эркинлиги, демократик тамойилларга содиқлигини амалда намоён этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра оладиган сиёсати туфайли Марказий Осиёнинг тинчлигига, тотувлигига, ҳамкорлигига эришилди.

Ўзбекистон раҳбари сўзда эмас, амалда буни бутун дунёга кўрсата олди. Нутқда айтилганидек, нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси, деб қабул қиламиз.

Тарих шафқатсиз. У ўз даврида яратилади. Тарихни ўзгартириш, сохталаштириш ҳеч қачон ижобий натижа бермаган.

Биз авлодларга улуғ тарих қолдирган аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Самарқанд нафақат муқаддас қадамжо, балки дунё илм-фанининг энг юқори нуқтаси, чўққиси бўлганини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур: бу қадимий кент азалдан башариятнинг буюк кашфиётлари бешиги, илм-фан, адабиёт ва маданият гуллаб-яшнаган маскан бўлган. Биргина мисол. Улуғ ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона гумбазлари остида ноёб юлдузлар жадвали яратилган. Бу жадвал кейинчалик Коперник ва Кеплер каби машҳур олимларнинг илмий кашфиётлари очилишига хизмат қилгани тарихдан яхши маълум.

Мирзо Улуғбекнинг давомчиси, вориси Али Қушчи бундан салкам олти аср илгари Самарқанддан Истанбулга бориб, бугунги кунда дунёга машҳур бўлган Истанбул университетининг тамал тошини қўйгани ҳам фикримиз далилидир.

Самарқандимизнинг мезбонлик мавқеи тобора юксалаётгани, жаҳон халқларини ўзига чорлаётгани бизнинг зиммамизга катта масъулият юклашини унутмаслигимиз керак.

Самарқанд ЮНEСКОнинг 40 йиллик тарихини, анъаналарини ўзгартира олганлиги ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Бир вақтлар биз халқаро институтлар эшигига борган бўлсак, бугун дунё бизга интилмоқда. Дунё ўзаро мулоқот қилишга бизни муносиб кўрмоқда. Бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг жуда катта меҳнатлари, машаққатлари билан эришганлигимизни унутмаслигимиз керак.

Президентимизнинг нутқида таъкидланганидек, биз ЮНEСКОнинг олийжаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр.

Ўзбекистон раҳбари сессия иштирокчилари ҳукмига бир қатор долзарб, муҳим таклиф ва ташаббусларини ҳавола этди.

Инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш борасида ЮНEСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим платформасини жорий этиш ғояси илгари сурилди.

Жисмоний ва ижтимоий чекланишлардан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиш имконияти яратилиши шарт ва зарур. Бу борада ташаббусни ЮНEСКО ўз қўлига олиши халқаро миқёсда мазкур муаммонинг ечилиши тезлашишига олиб келади.

Бугунги дунёни сунъий интеллектсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юқори технологияларнинг ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб келаётгани бор гап. Бундай вазиятда нима қилмоқ керак?

Президентимиз ўз нутқида юртимизда ЮНEСКО иштирокида «Сунъий интеллект — мактаб» намунали лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканимизни билдирди. Шунингдек, ЮНEСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари олимлари иштирокида сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро анжуман ўтказишни таклиф этди.

Назаримда, «сунъий ақл» бўйича жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилаётган бир даврда сунъий интеллект этикаси зарурати ҳақида биринчи бўлиб Президентимиз гапирди. Дарҳақиқат, бу жуда зарур ва муҳим. Чунки ҳар қандай эзгуликни ўз мақсадларига бўйсундирувчи кучлар, албатта, бор. Буни унутишга ҳаққимиз йўқ.

Президентимиз Жаҳон номоддий маданий меросини сақлаб қолиш борасида қатор ташаббусларни илгари сурди. ЮНEСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурини ривожлантириш муҳимлигига ҳам алоҳида тўхталди. 19 ноябрни «Ҳужжатли мерос халқаро куни» деб эълон қилиш таклифини билдирди.

ЮНEСКО ташкилоти бу борада муҳим қадамлар ташлаши кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Афсуски, урушлар, зиддиятлар, айирмачиликлар туфайли жаҳоннинг жуда кўп номоддий маданий мероси йўқолиб кетаётгани ёки кимларнингдир шахсий мулкига айланаётгани ғоятда ачинарли. Инсоният яратган номоддий маданий меросни сақлаш йўлида замонавий усуллардан фойдаланиш замон талаби.

Президентимиз томонидан илгари сурилган яна қатор ташаббус ва таклифлар, назаримда, ЮНEСКО ташкилотининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Мазкур ташкилотда Ўзбекистоннинг нуфузи, ўрни янада мустаҳкамланишига асос бўлади.

Нафақат Самарқанд, балки Бухоро, Хива каби шаҳарларимизга ҳам ЮНEСКОнинг эътибори янада ортишига олиб келади.

Янги Ўзбекистон ва унинг Президенти илгари сураётган ғоялар дунёга чиқаётгани, жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани эса ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди.

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?