Самарқанд вилоятидаги 1081 та маҳаллага спорт анжомлари топширилди
Самарқанд вилоятида аҳолининг оммавий спортга қамровини ошириш, спортчиларни комплекс тайёрлаш, терма жамоаларга иқтидорли ёшларни етказиб бериш, юқори натижаларга эришиш, умуман, спортни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Якунига етаётган йилда вилоятда аҳолининг оммавий спортга қамровини ошириш мақсадида 9300 дан зиёд оммавий спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 1,5 миллионга яқин аҳоли жалб этилди. Натижада аҳолининг спортга қамров даражаси 28 фоиздан 30 фоизга етди. 2026 йилда бу кўрсаткични 32 фоизга етказиш режалаштирилган ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни янада оммалаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчи-ёшларни саралаб олиш мақсадида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумида 14-30 ёш тоифасида маҳалла ёшлари спортнинг 14 тури бўйича беш босқичдаги мусобақаларда беллашди. Мусобақаларда иштирок этиш учун “5tashabbus.uz” платформаси орқали 612 минг нафардан зиёд ёшлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг 581 минг 890 нафари беллашувларда фаол иштирок этди. Олимпиаданинг республика босқичида вилоят спортчилари 19 та олтин, 14 та кумуш ва 9 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Куни кеча Самарқанд шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказиладиган спорт мусобақалари учун вилоятдаги 1081 та маҳаллага спорт анжомларини топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг жорий йилги мавсумида Самарқанд вилояти ёшлари юқори ўринни эгаллагани эътироф этилди. Янги мавсумда ҳам ҳақиқий иқтидор эгалари маҳалладан кашф этилишига ишонч билдирилди.

Тадбир давомида Спорт вазирлиги томонидан етказилган 8000 донадан ортиқ футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари туман-шаҳарлардаги спорт мактаблари масъуллари ҳамда маҳалла етакчиларига тақдим этилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг