Самарқанд шахмат бўйича III «Womenʼs Chess Championship» халқаро турнирига мезбонлик қилмоқда

12:10 11 Март 2025 Спорт
129 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган ва умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ доллари бўлган «Womenʼs Chess Championship» халқаро турнирида 13 давлатдан 150 нафар жаҳон шахматининг аёл усталари иштирок этмоқда.

Мусобақа очилишида сўз олган Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Рустам Қобилов ва Ҳусан Тўхтаев турнир иштирокчиларига муваффақият тилади. Мазкур турнир 2026 йил мамлакатимизда, жумладан, Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш, аёл(қиз)лар шахматини ривожлантириш, миллий терма жамоа аъзоларининг маҳоратини ошириш ҳамда хорижлик маҳоратли шахматчилар билан ўзаро тажриба алмашиш имконини бериши таъкидланди.

Мусобақада ўзбекистонлик рейтинги юқори шахматчилардан Умида Омонова, Барчиной Шокиржонова, Афруза Ҳамдамова, Маржона Маликова ҳамда Нодира Нодиржонова ғолибликка асосий даъвогар сифатида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.

Баҳслар ФИДE қоидалари асосида аёл(қиз)лар ўртасида икки гуруҳда — «А» гуруҳида 1800 ва ундан юқори рейтингли иштирокчилар, «Б» гуруҳида рейтинги 2000 ва ундан паст бўлган шахматчилар қатнашмоқда.

Мусобақа низомига кўра, турнир швейцар тизим стандарт йўналишида 9 турда ўтказилади. Ҳар бир иштирокчига 90 дақиқадан вақт берилади ва биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юришга 30 сониядан вақт қўшиб борилади. 30 юришгача дурангга келишиш мумкин эмас. Турга максимал кечикиш вақти 15 дақиқа. Кетма-кет икки турга келмаган иштирокчилар мусобақадан четлатилади.

Турнир 19 мартга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?