Самарқанд шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси бўлиб ўтмоқда
2025 йилнинг 16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали маълум қилди.
Бу йилги тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган бўлиб, анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мажлис иштирокчиларига табрик сўзи ўқиб эшиттирилди.

Унда мазкур Кенгашнинг ҳар йилги мажлислари терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш учун мустаҳкам асос яратилгани таъкидланди.
Давлат раҳбари Марказий Осиё минтақасида хавфсизликка таҳдид солаётган бир қатор омилларга алоҳида эътибор қаратди. Афғонистондаги беқарор вазият, халқаро террорчи гуруҳлар фаолияти, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва трансчегаравий уюшган жиноятчилик шулар жумласидан эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва сунъий интеллектдан ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Президент глобал хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталар экан, минтақа атрофи ва Яқин Шарқда юз бераётган низолар барчани чуқур ташвишга солаётгани, улар иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Ушбу омиллар жаҳон бозорида носоғлом рақобатнинг кучайиши, энергия манбалари нархининг ошишига олиб келмоқда. Шунингдек, энергетика ва транспорт соҳаларида миллий ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти шундай мураккаб шароитда МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, энергетика ва коммуникация тизимларини барқарор ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг