«Самарқанд қоғози» географик кўрсаткич сифатида расмий давлат рўйхатидан ўтказилди

15:53 05 Июль 2025 Жамият
352 0

Фото: Давронбек Эрназаров/“Халқ сўзи”

«Самарқанд қоғози» географик кўрсаткич сифатида расмий давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси кўмагида Адлия вазирлиги томонидан маълум қилинди. Мазкур тарихий маҳсулотнинг географик кўрсаткич сифатида тан олиниши миллий ҳунармандчилик ва тарихий меросни сақлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Бугун Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Абдуҳалимов «Конигил-Мерос» ҳунармандчилик маркази раҳбари Зариф Мухторовга «Самарқанд қоғози» географик кўрсаткичини тасдиқловчи ҳужжатни тантанали равишда топширди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, минг йиллик тарихга эга Самарқанд қоғози ўзининг мураккаб ва ўзига хос тайёрлаш жараёни билан ажралиб туради. Анъанавий услубда ишлаб чиқаришда балхтут новдалари аввал сувда маълум муддат ивитилади. Сўнгра уларнинг пўстлоғи артиб олинади ва қўпол жигарранг қисми пичоқ ёрдамида ажратилади. Тозаланган сарғиш пўстлоқлар қозонда 5-6 соат давомида қайнатилади.

Кейинги босқичда пўстлоқлар ёғоч ўғирларда 7-8 соат мобайнида майин толаларга айлангунича махсус тўсинлар ёрдамида туйиб майдаланади. Ҳосил бўлган толалар катта идишга солиниб, Сиёб сувида яхшилаб аралаштирилади ва махсус тўртбурчак шаклидаги сузғичлардан ўтказилади. Ҳосил бўлган ҳўл қоғозлар 8-10 соат давомида тахтакачлар ёрдамида бостириб қўйилади.

Шундан сўнг, ҳар бир қоғоз алоҳида силлиқ юзага ёпиштирилиб, якуний ишлов берилади. Бу жараёнда қоғоз силлиқ мармар тош устига қўйилиб, чиғаноқ ёки ақиқ тоши ёрдамида силлиқланади. Натижада, Самарқанд қоғози тайёр бўлади.

Самарқанд қоғозининг афзаллиги шундаки, ундан нафақат маҳаллий миниатюра усталари ва каллиграфлар, балки Япониядаги қадимий ёзма манбалар ва нодир тарихий асарларни таъмирлашда ҳам кенг фойдаланилади. Ушбу маҳсулотнинг географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олиниши Самарқанд ҳунармандчилигининг тарихий аҳамиятини янада оширади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?