Самарқанд нуфузли анжуманга мезбонлик қилди

17:37 04 Март 2020 Жамият
1932 0

Аввал хабар қилганимиздек, 3-4-март кунлари Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 20 га яқин мамлакатлардан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Улар орасида дунёга машҳур “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Аҳмад Таййиб ва Эътиборли уламолар кенгаши Бош котиби Абдуллоҳ Абдулғаний Сархан, Гамбург университети Дунё илмлари академияси профессори доктор Ҳурайра Кам сингари ислом динининг йирик вакиллари борлиги алоҳида аҳамиятга эга.

- Ал-Азҳар университети билан ҳамкорлик алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов. - Яқинда ўзбекистонлик 7 нафар ёш имом шу муассасада малака ошириб қайтди. Келгусида ҳамкорликни янада кучайтириб, университет талабалари ва тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий асарлари ва мотуридия таълимоти бўйича анъанавий танлов ўтказиш, танлов ғолибларининг Ўзбекистонга илмий-ижодий сафарларини уюштириш ташаббуси билдирилди. Ҳадис илми бўйича ҳам халқаро конференция ўтказишга келишиб олдик.

Халқаро конференциянинг иккинчи кунида якуний ялпи йиғилиш ўтказилди. Унда иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифлар бўйича шакллантирилган тавсиялар муҳокама қилинди. Анжуман якунида иштирокчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар қабул қилинди.

Уларда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, алломанинг асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилган. Хусусан, аллома асарлари библиографиясини яратиш, китобларни кўпроқ нашр этиш, уларда илгари сурилган ғоя ва қарашларни содда тилда ёшларга ўргатиш, махсус сайт яратиб, Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти ҳақида маълумот бериб бориш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

- Имом Мотуридий асарларининг Туркияда ҳам ўрни алоҳида, - дейди Истанбул шаҳридаги Мармара университети профессори Юсуф Шавки Явуз. - Устозим, таниқли исломшунос олим Бакир Тўпол ўғли бошлаган ишни мен давом эттиряпман. Яъни, Мотуридийнинг китобларини турк тилига таржима қилиб, 18 жилдда нашр эттирдик. Мазкур нуфузли анжуман доирасида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган тавсиялар бу йўналишдаги ишларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Конференциянинг ёпилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. Меҳмонларга мазкур мажмуанинг обод қилиниши ва келгусидаги режалар, Чокардиза қабристони ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг анжуман қатнашчилари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Бу ерда ҳам буюк муҳаддис ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Уларга мазкур мажмуа тарихи, айни пайтда бу ерда амалга оширилиши режалаштирилган реконструкция ишлари ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди. Халқаро марказ музейи ва бу ерда сақланаётган нодир асарларни ҳайрат билан кузатиб, марказда яратилган шароит ва имкониятларга юксак баҳо беришди.

Халқаро конференция иштирокчилари қадим Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини ҳам томоша қилиш имконига эга бўлдилар.

Самарқандда катта шукуҳ билан ўтган халқаро анжуман иштирокчилари бағрикенг, меҳмондўст ўзбек халқига, оламшумул ислоҳотлар билан дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонаётган, эътирофига сазовор бўлаётган ҳамда халқ манфаатлари йўлида улкан ислоҳотларни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирдилар. 

Муаллиф: Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?