Самарқанд давлат университетида “Ректор кубоги” спорт мусобақаларига старт берилди

Шавкат АКРАМОВ олган сурат.
Самарқанд давлат университетида анъанавий “Ректор кубоги” спорт мусобақалари бошланди. Мазкур беллашувлар футбол, волейбол, кураш каби оммабоп спорт турларини ўз ичига олган.
Бугун “Ректор кубоги” спорт мусобақасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграши билан бошланди. Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаевлар иштирок этди.

— Бугунги кунда спорт нафақат жисмоний чиниқиш, балки инсоннинг маънавий ва ақлий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади, — деди Рустам Холмуродов. — Спорт билан мунтазам шуғулланган инсон кучли ирода, қатъият ва интизом соҳибига айланади. Бундай инсон ҳар қандай синовга бардошли бўлади. Ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, унга эришишга интилади. Бугун спортчиларимиз орасида куч, ғайрат, шижоат, дўстлик ва ҳалоллик қадри улуғланмоқда. Бу мусобақалар эса сиз азиз ёшларга ўз кучингизни намоён этиш, тенгдошларингиз билан тажриба алмашиш, энг асосийси, соғлом турмуш тарзини одатга айлантириш учун муҳим майдондир. Мунтазам спорт машғулотлари инсон танасини чиниқтиради, иммунитетни кучайтиради, чидамлилик ва сабр-тоқатни оширади. Шунингдек, спорт билан шуғулланган инсонларда мақсадга интилиш, ўз устида ишлаш, вақтни тўғри тақсимлаш каби кўникмалар шаклланади. Шу боисдан ҳам бугунги ёш авлодни спортга жалб этиш, уларнинг соғлом, етук ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида муҳим омилдир.

Мусобақалар бошланишидан аввал ташкил этилган бадиий чиқишлар томошабинларга байрамона кайфият бағишлади. Бадиий гимнастика, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва кураш спорт турлари бўйича чиқишлар иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Спортчиларнинг жисмоний салоҳияти, ҳаракатларидаги уйғунлиги барчага кўтаринки руҳ улашди.
— “Ректор кубоги” спорт мусобақалари кенг миқёсда ўтказилмоқда, — дейди Самарқанд давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Субхон Аббосов. — Мусобақаларда СамДУдаги институт ва барча факультет жамоалари фаол иштирок этмоқда. Талабалар ҳар бир йўналиш бўйича жиддий тайёргарлик кўрган, спортчилар машғулотларга масъулият билан ёндашди. “Ректор кубоги” нафақат спорт беллашувлари, балки университет миқёсида соғлом рақобат, дўстлик ва жамоавийлик муҳитини кучайтирувчи ижобий ташаббусдир. Мусобақалар орқали истеъдодли спортчилар аниқланиб, уларнинг кейинги фаолиятига кўмак бериш, спорт клублари фаолиятини янада жонлантириш имконияти яратилмоқда.

— Мен болалигимдан волейбол спорт тури билан шуғулланиб келаман, — дейди Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси Маҳлиё Ўрозова. — Волейбол — бу менинг ҳаётимнинг ажралмас бир қисмига айланган. Ишончим комилки, бугунги мусобақада жамоамиз билан ғалабага эришамиз. Бунинг учун бизда етарли тайёргарлик бор. Биз барчамиз университетимиз номини муносиб ҳимоя қилиш ва ғолибликни қўлга киритиш учун бор кучимизни сарфлаймиз!
“Ректор кубоги” спорт мусобақалари давом этмоқда. Ғолиб жамоалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг