Саломатлик тимсоли Гея
Илон ва қадаҳ тасвирлари тиббиёт рамзи сифатида дастлаб эрамиздан аввалги 800-600 йилларда қайд этилган. Саломатлик худоси Гея қадимда ўнг қўлида илон, чап қўлида қадаҳ билан тасвирланган. Қадаҳга ўралган илон рамзини тиббиётга рамз сифатида қабул қилишни эса XVI асрда таниқли шифокор Парацельс таклиф қилган. Тажовузкор ушбу жонивор табиатнинг ажралмас бўлаги ҳисобланиб, бир қатор касалликлар, жумладан оғир хасталиклар шифосида дори-дармон хом-ашёсининг манбаидир.
— Илон ва бошқа бир қатор ҳашорат ва ўргимчаклар заҳридан замонавий тиббиёт кўплаб касалликларни даволашда фойдаланади, — дейди Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. — Дунё фармацевтика саноатида илон ва чаён заҳри энг ноёб хом-ашё сифатида қадрланди. Халқимизнинг “заҳардан қиммат”, деган қадим риторикаси муболаға эмас.
Афсуски, айнан шу имконият мамлакатимизда узоқ йиллар эътибордан четда қолиб, заҳарли ва заҳарсиз илонлар, ҳарорат ва ўргимчакларни билиб-билмай атайин йўқ қилиш оқибатида уларнинг айрим турлари бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Ҳолбуки, энг хавфли жонзотларидан бири чаённинг заҳри нафақат кучли заҳар, балки тиббиёт учун бебаҳо неъмат ҳам ҳисобланади. Ундан саратон ва бошқа касалликларни бошланғич босқичда даволашда кенг фойдаланилиб, самараси юқори баҳоланган. Аммо уни йиғиш жуда мушкул, бир граммини олиш учун минглаб чаёнларнинг заҳри йиғилади. Шунинг учун ҳам унинг нархи миллионлаб долларга баҳоланади.

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида фаолияти йўлга қўйилган йирик питомник “BRAIN” савдо белгиси остидаги “Biotech Research and Innovation” МЧЖ илмий-ишлаб чиқариш комплекси ўткир заҳарли жониворларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мутахассислар унинг тиббиёт, фармацевтика саноати ва илм-фан ривожида янги даврни бошлаб беришига умид билдирмоқда. Шу боис мажмуанинг серпентарий, виварий, инкубаторли террариум, биокимёвий лаборатория, ўқув маркази, ишлаб чиқариш омбори каби иншоотларида барча шароитлар яратилиб, ушбу мақсадларга 5млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа тўлиқ ишлаб чиқариш қувватига чиқиши билан йиллик маҳсулот экспорти миқдори 7 млн. АҚШ долларини ташкил этиши кўзланмоқда.
— Лойиҳа босқичма-босқич ривожлантириб, 2030 йилгача тўлиқ ишлаб чиқариш қувватига чиқади, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. —Мажмуада илон ва чаёнсимонлар оиласига мансуб жониворларни етиштириш, уларнинг яшаш тарзи устида тадқиқот ва ўрганиш ишларини олиб бориш, улардан олинадиган маҳсулотлар асосида турли фармацевтика ва косметика воситаларини тайёрлаш, заҳри асосидаги препаратларни сертификатлаш, маҳсулот сифати халқаро стандартини яратиш каби илмий ва ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилади.
Комплексда йўқолиб кетаётган илонлар, чаёнлар ва тошбақаларни сақлаш ва кўпайтириш учун оптимал шароитлар яратилган. Бу ерда Зоология институти ҳамда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиниб, олимларга назорат остидаги муҳитда тадқиқотлар ўтказиш имконияти ҳам тақдим этилган. Илмий-тадқиқот лабораторияси ва виварий зардоблар ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш учун заҳарларни ўрганиш билан шуғулланишади. Дастлабки босқичда питомникка 40 та заҳарли илон олиб келинган бўлса, яқин истиқболда аҳолидан ҳам заҳарли илон ва чаёнларни сотиб олиш устида иш олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишда иш олиб бориш учун аввало, ҳуқуқий база талаб этилади, — дейди питомник раҳбари Шуҳрат Ражабов. — Заҳарли жониворларни табиий йўл билан кўпайтириш бир-икки йиллик вазифа эмас. Шу кунга қадар йиққан маҳсулотларимизга келсак, Хитой ва араб мамлакатларидан катта қизиқиш билдирилаётгани улар ўз эгасини топиши ва питомнигимиз ривожланишига асос бўлади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “BRAIN” компанияси Марказий Осиёдаги Қизил китобга киритилган ҳайвон турларини кўпайтириш ва ўрганиш мақсадида ташкил этилган. Компаниянинг ушбу лойиҳаси нафақат вилоят, балки Марказий Осиё минтақасида ягона ҳисобланиб, яқин йилларда мамлакатимиз фармацевтика саноатида бутунлай янги йўналиш тараққиётига туртки беришига ишонамиз.
Темур ЭШБОЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг