Сайёр суд саёқ юрганларни кечирди, бироқ ҳаммасини эмас...

15:06 07 Март 2025 Жамият
75 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Тўғри ўзади, эгри тўзади. Болалигимиздан қулоғимизга қуйилиб келинган бир нақл бу. Улғайгач билдикки, тўрттагина сўздан иборат мана шу жумлада бутун ҳаёт фалсафаси акс этар экан.

Ўрта Чирчиқ тумани ички ишлар бўлимида бўлиб ўтган тадбир давомида ҳаётнинг бу ҳикмати қулоқлар тагида яна бир бор садо бергандек бўлди.

Сабаби ушбу тадбирнинг асосий иштирокчилари содир этган турли жиноятчилик ҳолатлари учун озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари, шартли ҳукм ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш каби жазолар тайинланганлар ҳамда мажбурий жамоат ишлари жазосига жалб этилган ва айни пайтда тузалиш йўлида бўлган фуқаролар эди.

Улар билан учрашувда туман ҳокими Ихтиёр Қосимов, туман прокурори Улуғбек Комилов ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Анвар Султонов инсон умрининг ҳар бир дақиқаси ғаниматлиги, бу умрни яхши ва эзгу ишлар билан безаш кераклиги, ҳалол яшаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фойдали меҳнат билан шуғулланиш, шунингдек, юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган катта имтиёзлар ва кенг имкониятлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Тадбир давомида жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ тумани судининг сайёр суди ҳам бўлиб ўтди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ тумани суди раиси Сагдулла Аширматов ҳамда туман прокурори ёрдамчиси Умиджон Умаров иштирокида Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида турувчиларнинг жиноят ишлари қайта кўриб чиқилди.

Тузалиш йўлига ўтган, ўзига тўғри хулоса чиқарган ва яхши тавсиянома олган 16 нафар маҳкум тайинланган жазолардан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

Аксинча, бундай ижобий ўзгаришлар қилмаган 1 нафар маҳкумга эса жазо қайта тайинланди.

Суд раиси иштирокчиларга қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида ахборот берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?