Саҳродаги “Олтинсой”

15:43 20 Январь 2026 Жамият
326 0

Ғиждувон туманидаги “Қутчи” массиви бепоён Қизилқум чўлига туташиб кетган. “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли бу ҳудудда “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаси қад ростлади –ю тадбиркор Иқлима Жўраевада саҳро бағрида экомарказ барпо этиш ғояси туғилди.

Ғиждувонда хусусий корхоналар фаолиятини йўлга қўйган, ўнлаб иш ўрни яратган, давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган ишбилармон аёлнинг бу лойиҳаси қўллаб – қувватланди. Экотуризм маскани учун 29 гектар ер ажратилди.

-Лойиҳадан келиб чиққан ҳолда ён – атрофни ободонлаштириш ишларини амалга оширдик,- дейди Иқлима опа.- 20 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздик. Пиёдалар йўлаклари қурилди. Суғориш тизими ўрнатилиб, сунъий чўмилиш ҳавзалари барпо этилаяпти. 20 гектар майдон “яшил ҳудуд”дан иборат бўлади. Мақсадимиз “Олтинсой” деб аталган ушбу масканни экологик туризмнинг намунали гўшасига айлантирмоқдир.

Замонавий меҳмонхона, ўтовлар, миллий таомлар тайёрловчи ресторан, пляж ва бошқа қулайликлар сайёҳларнинг бу ерда мириқиб ҳордиқ чиқариши, саҳронинг бетакрор манзараларидан баҳраманд бўлишига шароит яратади. Зеро, бу ерда от ва туяда сайру саёҳат қилиш имкониятлари ҳам яратилган. Туманнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириши кутилаётган “Олтинсой” йилига 15 минг нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатади. 50 та доимий, ундан икки карра кўп мавсумий иш ўрни яратиш кўзда тутилаяпти. Марказ “яшил ҳудуди” чўлдаги қум кўчишлари йўлига ўзига хос тўсиқ вазифасини ҳам ўтайди. Қолаверса, шундоқ қўл етса етгулик масофада жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивида истиқомат қилувчи 400 дан зиёд хонадон аъзолари ҳам бу ерда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари мумкин.

Айтиш жоизки, бу саҳрода барпо этилган ягона экомарказ эмас. Унга қадар Ромитан туманидаги қадимий Бўронтепа ҳудудида “ Bukhara Desert Oasis & SPA“ туристик кластери ўз фаолиятини бошлаган эди. Умуман, кейинги йилларда вилоятда эко, агро, этно, гастрономик, маданий, зиёрат, пляж ҳамда экстремал туризм йўналишларида 60 дан зиёд туризм хизмат турлари йўлга қўйилди. Бу юмушлар ўз самарасини бермоқда. Воҳа туристларни нафақат қадимий обидалари, бой маданий мероси, балки бетакрор табиати билан ҳам ўзига жалб қилмоқда. Бундан ўн йилча муқаддам Бухорога 160 – 200 минг нафар атрофида хорижий сайёҳ келган бўлса, 2025 йилда бу кўрсатгич 2,5 миллион нафарга етгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Аммо ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Вилоят ҳудудидаги Денгизкўл, Шўркўл, Оёқоғитма, Хадича, Қорақир каби йирик сув ҳавзалари атрофида ҳам экомарказлар барпо этилса воҳанинг туристик салоҳияти янада ошган бўлур эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?