"Рутан" коронавирус инфекциясини даволаш протоколига киритилди

11:53 31 Июль 2021 Жамият
615 0

ЎзР ФА Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган «Рутан , таблеткалари, 100 мг» препарати COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш протоколига киритилди. 

Эндиликда, Рутан препаратини коронавирусга чалинган беморларда, ўткир респиратор инфекция билан боғлиқ бўлган ҳолсизликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганида, шифокор тавсиясига кўра қўллаш Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланди. Рутан препарати Rhus coriaria (Тотум) ўсимлигидан ажратиб олинган дори препарати бўлиб, клиник синовлар натижасига кўра, грипп вирусининг турли штаммларига, шунингдек, SARS-Cov-2 вирусига қарши самарали таъсир кўрсатиши аниқланди.

Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган грант маблағлари ёрдамида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилди. Шунингдек, ушбу ишланма Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ЎзР Президентининг ПҚ-3855 сонли Қарори доирасида тижоратлаштиришгача тайёрланди ва ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Клиник синовлар натижасида Рутан дори препаратининг 100 миллиграммлик оптимал дозаси 6 ёшдан катта беморларда хавфсиз қўлланиши мумкинлиги ва уни кунига 2 маротаба ичиш вируснинг кўпайишига тўсқинлик қилиши, шамоллаш ва яллиғланиш жараёнларининг олдини олиши, хусусан ўткир ва атипик пневмония юзага келишига тўсқинлик қилишини кўрсатди. Вируснинг патологик таъсирга эга бўлган барча функционал ва структуравий оқсилларининг ҳосил бўлишида иштирок этувчи иккита асосий консерватив ферментини - 3СL протеазасини ва РНКга боғлиқ РНК полимеразасини ингибирлаш (тўхтатиш) хусусияти ва у ўсимликлардан олинган дори воситаси эканлиги эътиборга моликдир. Натижада, организмда структуравий ва функционал оқсиллар пайдо бўлмайди ва инфекциялаш қобилиятига эга бўлмаган етилмаган вируслар ҳосил бўлади.

Рутан препаратининг афзаллиги унинг вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа препаратларга нисбатан токциклик даражаси ниҳоятда паст экани, даволаш самараси юқорилиги ва ножўя таъсирлари йўқлигидадир.

«Рутан , таблеткалари, 100 мг» препаратини қўллаш COVID-19 касаллигидаги яллиғланиш жараёнларининг асосий медиатори бўлган С-рекатив оқсилининг сезиларди камайишига олиб келди ва синов натижаларига кўра, даволаш гуруҳидаги беморларининг ҳеч бирида оксигинация ўтказиш талаб этиладиган критик ҳолат ривожланиши қайд этилмади.

ЎзР ФА Иммунология ва инсон геномикаси институти билан ҳамкорликда «Рутан , таблеткалари, 100 мг»препаратининг кунлик дозадан юқори - 250 мг дозада in vitro шароитида иммунотроп фаоллиги ва «цитокин бўрони» бўйича олиб борилган тадқиқотлар унинг қўлланилган дозаларда тамоман хавфсизлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Биохимия ва биофизика институти билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар натижасида Рутан препарати кучли антигипоксик, мембранани барқарорлаштирувчи, антирадикал, антиоксидант хусусиятларга эга эканлиги ва унинг терапевтик самарадорлиги вирусга қарши фаоллиги билан уйғунлашганлиги муносабати билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда препаратнинг самарадорлиги юқори бўлади.

Тадқиқотлар Рутан 100 мг. дори препаратини коронавирус инфекцияси ўрта оғирликда кечаётган беморларга кенг қўллашни тавсия қилиш мумкинлигини кўрсатди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?