«Rothschild & Co» Ўзбекистонда банк ва молия секторидаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этади
Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг ноябр ойида Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан Парижга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Франсия ўртасида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган 14 та шартномалар тузилди.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш мақсадида ҳамкорликнинг барча йўналишларига доир «Йўл харитаси» тасдиқланди. Йўл харитасининг алоҳида бандида «Rothschild & Co» компаниясини банк-молия секторидаги хусусийлаштириш жараёнларига ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилиш белгиланган.
Музокаралар ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга «Rothschild & Co» компанияси бошқарувчи директори ва кузатувчи кенгаши аъзоси Баронесса Ариел Моллард де Ротшилд бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Бош директори Шухрат Вафаев билан бўлиб ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек хусусийлаштириш дастурларини, халқаро инвестициявий фаоллик соҳасидаги жорий тенденсияларни амалга оширишда компания тажрибасидан фойдаланишни, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг муҳим активларини хусусийлаштириш борасидаги ёндашувни муҳокама қилдилар.
Маълумот учун: «Rothschild & Co» – Ротшилд оиласининг франсуз ва инглиз шажараси томонидан назорат қилинадиган молия-холдинг компаниясидир. «Rothschild & Co» дастлаб “Paris Orléans SCA” деб номланган бўлиб, Ротшилдлар банк гуруҳининг флагмани ҳисобланади ва “Rothschild Group”, шу жумладан “N.M.Rothschild & Sons” вa “Rothschild & Cie Banque”ларни назорат қилади. Ротшилдлар банк гуруҳининг фаолият соҳаси инвестиция-банк хизматлари, корпоратив банк хизматлари, хусусий сармоялар қўйиш, активларни бошқариш ва хусусий банк хизматларини қамраб олади.
Ҳозирги вақтда “СаноатҚурилишБанк” АТБни хусусийлаштиришга тайёрлаш масалалари бўйича молиявий консултантни жалб қилишга доир ишлар олиб борилмоқда. Молиявий консултантнинг мажбуриятларига хусусийлаштириш жараёни бўйича тавсиялар тайёрлаш, оммавий сотувлар ва роуд-шоулар ўтказиш, инвесторларни, шунингдек битимлар қийматининг тахминий доираларини белгилаш ва инвесторлар билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш киради.
"Биз ўтган йили якунланган “Cоcа-Cола” компаниясини хусусийлаштириш жараёнларида қатнашганмиз. Эндиликда “Ўзбекнефтегаз” АЖни кутилиши мумкин бўлган хусусийлаштиришга тайёрлаш, шунингдек “Ўзтрансгаз” АЖ билан уларнинг тармоқларини модернизация қилиш учун молия излаш билан шуғулланмоқдамиз.
Шунингдек мен Халқаро молия институтлари кўмагида хусусийлаштириш имконияти кўриб чиқилаётган “СаноатҚурилишБанк” раҳбарияти билан мулоқотда бўлганимдан мамнунман. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатни модернизация қилиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар жуда таъсирли кечмоқда. Биз ушбу муҳим ишларда қатнашаётганимиздан фахрланамиз", деди Баронесса Ариел Моллард де Ротшилд.
Rothschild компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасига кўра, ушбу компаниянинг давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг алоҳида соҳа ва тармоқларини ислоҳ қилиш жараёнларида консултант сифатида қатнашишини назарда тутувчи қўшма йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг