Россиядаги ҳибсхонада туғилган 1 ёшли қизалоқ Ўзбекистонга қайтарилди

12:48 23 Декабрь 2025 Жамият
372 0

Фото: «Дунё»

Россиядаги ҳибсхонада дунёга келган бир яшар қизалоқ Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Россиянинг Саха Республикаси (Ёқутистон)да меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқароси (аёл) хатога йўл қўйиб, жиноий жавобгарликка тортилган. У ўта йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига алоқадорлиги учун Ёқутистон шаҳар суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шундан сўнг, у ҳибсхонада қиз фарзандини дунёга келтирган. Қизалоқ туғилгандан сўнг Ёқутистон – Саха Республика оилавий тарбияга кўмаклашиш марказига топширилган.

Маҳкума аёлнинг онаси болани олиб кетиш учун Саха Республикасига келган ва Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бош консулхона томонидан Россия Ташқи алоқалар ва халқлар ишлари вазирлиги Ёқутистон округи маъмуриятининг Васийлик ва ҳомийлик департаментига алоқага чиқилган.

Департамент билан болани бувисига бериш бўйича мулоқот амалга оширилиб, бу бўйича бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро конвенциялар асосида тегишли ҳужжатлар тайёрланган. Сўнг эса Бош консулхона томонидан болани Ўзбекистонга қайтариш учун махсус сертификат расмийлаштирилиб, Россия ҳукумати кўмагида бир ёшли С.М. белгиланган тартибда бувисига топширилган.

Ёқутистондаги ўзбек диаспораси фаоллари кўмагида буви ва набирага Ёқутистон–Новосибирск–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилинган бўлиб, улар эсон-омон Ватанга қайтарилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?