Россияда мигрантлар учун энг талабгор учта соҳа маълум бўлди

10:48 12 Декабрь 2024 Дунё
197 0

«Мигрант Сервис» платформаси директори Андрей Кладов 2025 йилда Россияда қайси соҳаларда мигрантларнинг хизматига талаб энг юқори бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.ру» хабар берди.

Қайд этилишича, булар ишлаб чиқариш сектори, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш соҳасидир.

Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларнинг етишмаслиги муаммоси 2024 йил давомида кўпайиб борганди. 2025 йилда вазият янада ёмонлашиши мумкин.

Мамлакат бўйлаб ҳозирда қурилиш соҳасининг барча йўналишларида кадрлар тақчиллиги кузатилмоқда. Малакали мутахассислардан тортиб эшик-дераза ўрнатувчилар, монолитчилар ва штукатурачиларга бўлган талаб кун сайин ортяпти.

Ишлаб чиқариш секторида кадрлар етишмовчилиги 2024 йил бошидан жиддий муаммога айланиб, Россиядаги компанияларнинг 85 фоизида ходимлар етишмаслиги кузатилди. 2025 йилда салбий тенденция янада ривожланиб, компанияларнинг 95 фоизи кадрлар муаммосига дуч келиши мумкин.

Сўнгги йилларда кадрлар борасидаги энг ёмон вазият қишлоқ хўжалиги соҳасида юзага келган. 2022 йилда ушбу соҳада ишчи кучи етишмаслиги 240 минг нафарни ташкил қилган бўлса, келгуси йилда кадрлар тақчиллиги 300 минг кишига етиши тахмин қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер