Россия ва Украина ўртасидаги навбатда музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар қандай келишувга эришди?

Фото: РИА Новости
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Мулоқот Москва вақти билан тахминан соат 15:20 да якунланди ва тахминан бир соат давом этди. Музокаралар бошланишидан олдин томонлар анъанавий қўл сиқишдан бош тортишган. Украина делегацияси аъзолари ҳарбий формада, Россия вакиллари эса классик либосларда бўлган. Аввалги турда бўлгани каби музокараларнинг ёпиқ қисмидан олдин Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан сўзга чиқиб, у жанговар ҳаракатларни тугатиш учун максимал даражада дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади. Шунингдек, турк дипломати Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг шахсий учрашуви эҳтимолига умид билдирди.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилигидаги Украина делегацияси таркиби яна қисман янгиланди. Унинг таркибига, хусусан, Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Марказий юридик бошқармаси халқаро ва оператив ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи Олексий Маловатский кирди.
Россия делегациясининг таркиби ўзгаришсиз қолди. Унга президент ёрдамчиси Владимир Мединский ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Бош штаб Бош разведка бошқармаси бошлиғи Игор Костюков ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин кирди.
Россия ва Украина вакиллари музокараларнинг навбатдаги босқичида нималарни муҳокама қилишга муваффақ бўлишди ва нималарга келишди?
Музокаралар натижалари ҳақида нималар маълум?
Муҳокама гуманитар кун тартибига қаратилди. Хусусан, делегациялар қуйидаги масалаларга тўхталиб ўтдилар:
- фронт чизиғида ўт очишни тўхтатиш,
- ҳарбий асирлар ва ўлганларнинг жасадларини алмашиш;
- болаларни оилаларига қайтариш,
- Россия ва Украина президентлари – Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида учрашув ташкил этиш.
Томонлар можарони ҳал қилиш бўйича ўз қарашлари тўғрисида декларациялар алмашдилар ва оғир касал бўлган барча ҳарбий асирлар, шунингдек, 25 ёшгача бўлган асирларни алмашишга келишиб олдилар.
“Меморандум Украина томонига топширилди, унда тинчликка эришиш қадамлари тасвирланган”, – деди Владимир Мединский музокаралардан сўнг.
Учрашув тугаганидан деярли бир соат ўтгач, Владимир Мединский журналистлар олдига чиқди. У томонлар ҳақиқатан ҳам ўт очишни тўхтатиш имкониятини муҳокама қилганини тасдиқлади, аммо ҳозирги босқичда у фақат инсонпарварлик мақсадларида – ҳарбийлар ҳалок бўлган сафдошларининг жасадларини йиғиб олиши учун амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлади.
“Биз фронтнинг айрим ҳудудларида ўт очишни тўхтатишни таклиф қилдик. Ҳамма нарсани ҳарбийлар ҳал қилади”, – деди Россия президенти ёрдамчиси.
Бундан ташқари, Владимир Мединский Россия жанговар зонадан эвакуация қилинган болаларни Украинага топширишга розилигини айтди. У Украинадан 339 та исм фамилиядан иборат рўйхатни олганини таъкидлади, бироқ қарши шартни илгари сурди.
Унга кщра, Россия фақат Украинада ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари бўлган болаларни қайтаришга тайёр.
Маҳбуслар алмашинуви ҳақида гапирар экан, Владимир Мединский томонларнинг бу жараённи давом эттириш ниятини тасдиқлади. Бундан ташқари, Россия Украина Қуролли кучларининг бир неча минг ҳалок бўлган аскарларининг жасадларини топширишга тайёрлигини билдирди.
“Биз бир томонлама тартибда Украина томонига ўлган украиналик аскар ва зобитларнинг олти мингта музлатилган жасадини топширмоқдамиз. Биз қўлимиздан келган ҳамма нарсани аниқладик. Улар тарафда бизнинг офицерларнинг жасадлари бор ёки йўқлигини билмайман, биз уларни қабул қиламиз”, – деди Владимир Мединский.
Украина вакиллари учрашувни қандай изоҳлашди?
Учрашувдан сўнг дарҳол Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак болаларни қайтариш ҳақидаги келишув «ниятлар самимийлигининг биринчи синови» ва «адолатли ва барқарор тинчлик»нинг ажралмас қисми бўлиши мумкинлигини айтди. Шу билан бирга, у музокараларда шахсан иштирок этмади ва Украина делегацияси иштирокчиларининг сўзларидан учрашув мазмунини қайта айтиб берди.
“Жавоб кутамиз. Тўп Россия майдонида. Ҳақиқий яхши ният сўзлар эмас, балки ҳаракатлардир. Ва энди буни исботлаш вақти келди”, – деди Андрей Ермак.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам томонлар Туркия воситачилигида можарони ҳал қилиш бўйича ҳужжатлар алмашганини ва маҳбуслар алмашинувининг янги босқичини тайёрлаётганини айтди. Украина ташқи ишлар вазирлиги Россия меморандуми лойиҳаси билан танишишларини қайд этди.
“Улар [делегациялар аъзолари] Туркия томони орқали ҳужжатлар алмашишди. Ва биз маҳбусларнинг янги озод этилишини тайёрламоқдамиз”, – деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Украина мудофаа вазири Рустам Умеров Россия сўзсиз оташкесимга ва етакчилар учрашувига рози бўлмаганини маълум қилди.
Экспертлар натижалар ҳақида нима деди?
Музокаралар муваффақиятини минимал деб ҳисоблаш мумкин, гарчи томонлар бир қатор гуманитар масалалар бўйича келишувга эришган бўлса ҳам. Ушбу фикрларни Россия халқаро ишлар кенгаши эксперти, сиёсатшунос Алексей Наумов айтиб ўтди.
“Аслида, музокаралардан ҳеч нарса кутилмади, лекин ҳеч бўлмаганда гуманитар масалалар ҳал қилинмоқда: жасадлар ва ҳарбий асирлар алмашинуви. Бу Дональд Трамп учун ҳозирча етарли даражада бўлади”, – дейди у.
Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, яқин келажакда музокараларнинг янги босқичларини кутиш даргумон: Украина томони Россия меморандуми шартларини қабул қилмайди, Россия эса давлатлар раҳбарларининг учрашуви ғоясини рад этади. Шу билан бирга, Украина ҳам, Россия ҳам АҚШ президенти Дональд Трампдан ёрдам олишга ҳаракат қилишда давом этади.
Алексей Наумовнинг қўшимча қилишича, янги учрашув фақат жанг майдонидаги кучлар мувозанати ўзгарган тақдирдагина мумкин бўлади.
“Ҳозирча музокаралар суръати тугади. Ҳарбий вазият ўзгарганда (ва эҳтимол у Россия фойдасига ўзгаради), кейин янги музокаралар мумкин”, – дейди Алексей Наумов.
Миллий тадқиқот университети Олий иқтисодиёт мактаби қошидаги кенг қамровли Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази директори ўринбосари, сиёсатшунос Дмитрий Суслов ҳам Россия – Украина учрашувининг чекланган натижаларини таъкидлади. Шу ўринда унинг қўшимча қилишича, томонлар ҳозирги шароитда кутилиши мумкин бўлган ҳамма нарсага эришганини таъкидлади.
“Эришилган келишувлар, асосан, фақат умид қилиш мумкин бўлган максималдир. Яъни, бу мумкин бўлган энг яхши натижадир”, – дейди Дмитрий Суслов.
Экспертнинг сўзларига кўра, Россия ва Украина келишувнинг фундаментал масалалари бўйича позициялари бир-бирига мутлақо зид эканини тушунади. Аммо шу билан бирга, Москва ва Киев аниқ гуманитар масалаларни муҳокама қилишга тайёр, улар орасида болаларнинг Украинага қайтишини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ва ниҳоят, Алексей Наумовдан фарқли ўлароқ, Дмитрий Суслов яқин келажакда музокараларнинг янги босқичини кутиш керак, деб ҳисоблайди, гарчи у гуманитар масалаларни ҳал қилишга ҳам тўғри келиши мумкин.
“Жорий йиғилиш якунларига кўра навбатдаги тур бўлиб ўтади. Унда биз навбатдаги гуманитар масалаларни ҳам келишиб оламиз ва бугун алмашилган меморандумларга муносабатимизни билдирамиз”, – дейди у.
Музокаралар ҳақида дунё нима дейди?
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Украина ва Россия ўртасидаги сўнгги музокараларни “ажойиб” деб атади.
“Туркия Истанбулдаги Россия ва Украина музокараларидан сўнг етакчилар даражасида саммит ўтказишни таклиф қилишни режалаштирмоқда”, – дейди Туркия етакчиси.
Кейинги учрашув қачон бўлади?
Украина мудофаа вазири Рустем Умеровнинг сўзларига кўра, Украина томони навбатдаги учрашувни июнь охиригача ўтказишни таклиф қилган.
ТАСС хабарига кўра, ҳақиқатан ҳам янги учрашув кутилмоқда, бироқ аниқ сана ҳали белгиланмаган – музокаралар “маълум вақт ичида” бўлиб ўтиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг