Россия урушга борувчилар учун молиявий рағбатларни оширди

17:12 10 Октябр 2025 Дунё
307 0

Россия Украинадаги жангларда иштирок этувчи янги ҳарбий хизматчиларга тўланадиган пул миқдорини кескин оширмоқда. Бу қарор мамлакатда одамларни фронтга жалб қилиш тобора қийинлашиб бораётгани фонида қабул қилинди. Сўнгги кунларда бир нечта ҳудудлар ҳокимиятлари рўйхатдан ўтиш бонусларини тўрт бараваргача кўтаришни эълон қилди.

Мутахассислар таъкидлашича, Украинага қарши уруш бошланганига уч ярим йил бўлди ва бу вақт мобайнида Россия армияси катта талафотларга учради — тахминан бир миллион нафар аскар ҳалок бўлган ёки яраланган.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов август ойида бўлиб ўтган олий даражадаги йиғилишда ҳарбий хизматчиларни ёллашни вазирликнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади. У ҳужум операцияларини қўллаб-қувватлаш учун инсон ресурслари муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Белоусов ёллаш жараёни яхши кетаётганини айтган бўлса-да, мустақил тергов агентлиги IStories бошқача маълумот келтирган. Расмий бюджет маълумотларига кўра, 2025 йилнинг иккинчи чорагида мудофаа вазирлиги билан 37,9 минг киши шартнома имзолаган — бу ўтган йилга нисбатан икки ярим баробар кам.

АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари эса Россиядаги ёллаш жараёнлари мафкуравий кампаниядан кўра тижорат тамойилларига кўпроқ ўхшаб бораётганини қайд этган. Улар сентябрь ойидаги ҳисоботда Россия расмийлари ва норасмий ёлловчилар аскар жалб этишда моддий рағбатлантириш, алдаш ва мажбурлаш усулларидан фойдаланишда давом этаётганини таъкидлашган.

Тўловлар тўрт баравар оширилди

Сибирдаги Тюмен вилояти ҳукумати янги ёлланганлар учун федерал ҳукумат белгилаган 400 минг рублдан ташқари қўшимча равишда 3 миллион рубль (тахминан 36,5 минг АҚШ доллари) бир марталик тўлов тайинланганини маълум қилди. Бу акцияда иштирок этиш учун ноябрь ойининг охиригача рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

Россия Федерал статистика хизмати маълумотларига кўра, бу сумма Тюмен вилоятидаги аввалги 1,9 миллион рубллик тўловдан анча юқори ва ўша ҳудуддаги ўртача уч йиллик иш ҳақига тенг.

Шунингдек, Воронеж вилояти губернатори ҳам Telegram орқали рўйхатдан ўтиш тўлови тўрт баравар оширилиб, 2,1 миллион рублга етганини маълум қилди. Маҳаллий ҳукумат таъкидлашича, ушбу бонусни олиш учун фақат Воронеж вилоятида яшаш шарт эмас.

Тамбов, Краснодар, Қўрғон ва Олтой вилоятлари ҳамда Татаристон республикасида ҳам жангларда иштирок этувчи аскарларга тўланадиган қўшимча ҳақ миқдори оширилгани хабар қилинди. Ушбу тўловлар ойлик маошдан ташқари ҳисобланади ва тахминан 210 минг рублдан (2600 доллар) бошланади — бу эса Россиядаги ўртача иш ҳақининг икки баробаридан кўпдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?