Россия Европа хавфсизлигига асосий таҳдид – Европа Иттифоқи
Европа Иттифоқининг янги мудофаа бўйича Оқ китобида Россия яқин келажакда Европа хавфсизлигига «фундаментал таҳдид» бўлиб қолиши таъкидланган. Ушбу ҳужжат 2030 йилгача Европа мудофаасининг оператив тайёргарлиги бўйича таҳлилларни ўз ичига олади. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Ҳужжатда Россия ядро қуроллари борасида агрессив сиёсат олиб бораётгани, Беларусьга ядровий қурол жойлаштираётгани ва бошқа авторитар давлатлар билан ҳамкорлигини кучайтираётгани таъкидланган. Москва Европа билан чегарадош давлатларда беқарорликни авж олдираётгани қайд этилган. Хусусан, Россия Ғарбий Болқон, Грузия, Молдова ва Арманистондаги вазиятни издан чиқарувчи таъсирини кучайтираётгани белгилаб ўтилган.
Европа расмийлари Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари муваффақиятли якунланса, Москванинг ҳудудий амбициялари янада кенгайиши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис Брюссел Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий қудратини пасайтириш учун фаол чора-тадбирлар кўриш муҳимлигини таъкидламоқда.
Оқ китобда Россия Қуролли кучлари стратегик майдонда жиддий таҳдид эканлиги таъкидланган. Ҳужжатга кўра, Россия Европадаги энг кучли қуролланган давлат бўлиш билан бирга, иқтисодиётини ҳарбий саноатга йўналтириб, саноат мобилизацияси ва технологик инновацияларга асосланган стратегияни ишлаб чиқяпти.
Европа мудофаасининг ҳозирги даражаси билан боғлиқ муаммолар ҳам тилга олинган. Европа давлатларининг ҳарбий харажатлари АҚШникидан анча паст экани, шунингдек, Хитой ва Россия билан солиштирганда ҳам заифроқ эканлиги таъкидланган. Мудофаа тизимини қайта қуриш учун катта давлат ва хусусий инвестициялар зарурлиги қайд этилган.
Брюссел Оқ китобни Европа Мудофаа Иттифоқини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам деб баҳоламоқда. Шу муносабат билан 6 март куни Брюсселда ўтказилган фавқулодда саммитда Европанинг қуролланиши учун 800 миллиард евро ажратиш бўйича қарор қабул қилинди.
Бу маблағнинг асосий қисми Европа давлатлари томонидан олинган янги қарзлар орқали молиялаштирилади. Жумладан, 650 миллиард евро аъзо давлатларнинг миллий қарзлари ҳисобидан, қолган 150 миллиард евро эса Европа Иттифоқи бюджети кафолати асосида кредитлар орқали ажратилади.
Европа Иттифоқи расмийлари Россия таҳдидига қарши курашда узоқ муддатли ҳарбий стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини таъкидламоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг