«Рома»да кичик инқироз, Элдор Шомуродов Италияга қайтиши мумкин

11:06 20 Январь 2026 Спорт
559 0

Куни кеча Туркия Суперлигасининг 18-тури доирасида «Башакшеҳир» клуби ўз майдонида «Фотиҳ Карагюмрюк» жамоасини қабул қилди. Учрашувнинг 15-дақиқасида Элдор Шомуродов ўйинда ҳисобни очди. Бу Элдорнинг жорий мавсум Туркия чемпионатида киритган 13-голи бўлди.

Таъкидлаш керакки, бу мавсум Элдорнинг фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсум бўлмоқда. Элдор шу вақтга қадар ҳеч бир мавсумда 13 та гол киритмаган эди. На Ўзбекистонда, на Европада.

Бу вақтгача Элдор учун сермаҳсул ўтган мавсум Россия Премьер лигасининг 2019–2020 йилги мавсуми эди. Ўшанда Шома «Ростов» клуби сафида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол киритишни уддалаганди. Яхши биласиз, шундан сўнг уни «Женоа» сотиб олган.

Унинг Ўзбекистонда ўтказган энг яхши мавсуми эса 2015 йилга тўғри келади. Ўшанда Элдор «Бунёдкор» клуби сафида 27 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол киритган. Шунингдек, Осиё чемпионлар лигаси саралашида «Ал-Шабаб» жамоаси дарвозасига 2 та тўп киритиб, «Бунёдкор»ни гуруҳ босқичига олиб чиққан.

У учун муваффақиятли ўтган деб айтаётган ҳар икки мавсумимизда Элдорга 10 та гол уриш учун 25 тадан кўпроқ ўйин керак бўлган эди. Бу йил эса Шомуродов 13 та голни 18 та ўйинда киритишни уддалади. У тўп киритган клублар ичида «Трабзонспор», «Бешиктош», «Галатасарой» каби Туркиянинг номдор клублари борлиги Элдорнинг голлари қийматини янада оширди.

Ўз навбатида Элдорнинг бундай барқарор ўйини Туркияда ҳам кўплаб ижобий фикрларга сабаб бўлмоқда.

18 январь куни чиққан «Истанбул» газетасида Элдор Шомуродов ҳақида кўплаб яхши фикрлар билдириб ўтилди. Бошқа нашрларда эса унинг фаолияти ҳақида таҳлилий мақолалар ёзилди.

Туркиялик инсайдерлар унинг хизматларига «Трабзонспор», «Бешиктош» ва «Фенербахче» каби жамоалар қизиқиб қолгани ҳақида ҳам ёзишди.

Туркиялик собиқ ҳакам ва футбол эксперти Аҳмед Чакар «Neo Sport»даги подкастда «Фенербахче» клуби раҳбариятидан Элдор Шомуродовни сотиб олишни сўради. Кейинчалик, бошқа мутахассислар ҳам турли суҳбатларда, фаол мухлислар эса Х саҳифаларида шунга ўхшаш фикрларни билдириб ўтдилар.

Элдор Шомуродовнинг барқарор ўйинига параллел равишда «Рома» жамоасининг марказий ҳужум чизиғида муаммолар юзага келмоқда. Жамоанинг асосий ҳужумчиси Артём Довбик жароҳати туфайли кўп ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмаяпти. Мавсум бошида «Брайтон» клубидан ижарага олинган Эван Фергюсон эса сермаҳсуллик бўйича яхши кўрсаткич қайд эта олмади.

Натижада «Рома» жамоаси январь ойидаги трансферлар ойнасининг ўзида 2 та марказий ҳужумчи олишга мажбур бўлди. «Астон Вилла» клубидан Дониел Мален мавсум якунига қадар ижарага олинган бўлса, «Марсель» клубидан 19 ёшли ҳужумчи Робинио Ваз 22 миллион евро эвазига сотиб олинди.

«Рома»нинг кўплаб мухлислари январь ойида Элдор Шомуродовни ортга қайтаришни клубдан сўрашди. Аммо, Элдорнинг ижара шартномаси Рим клубига молиявий фойда олиб келгани ва бундай шароитда клуб Истанбул клубидан футболчини қайтариб ололмаслиги сабаб бошқачароқ йўл тутишга мажбур бўлди.

2026 йилнинг ёзида «Рома» клубини Фергюсон ва Мален билан ижара шартномаси якунланади. Робинио Вазни эса жамоага киришиб кета олиши сўроқ остида турибди. Шу сабабли Жаҳон чемпионатидан сўнг, Элдорни А серияга қайтиш эҳтимоли юқори. Айниқса, бу йил кўрсатаётган ижобий ўйинидан сўнг.

Ўзи Шомуродов фақат ва фақат Жаҳон чемпионати олдидан мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учунгина Туркия чемпионатига кўчиб ўтганди. Катта эҳтимол билан Жаҳон чемпионатидан сўнг уни яна Европа ТОП-5 чемпионатларида кўрамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер