Риштонга “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди

Аввал хабар қилинганидек, 19-21 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида III халқаро ҳунармандлар фестивали ҳамда Риштон туманида II халқаро кулоллар форуми бўлиб ўтди.
Қўқон шаҳридаги тадбирларда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 300 нафар ҳунармандлар, олимлар, соҳа мутахассислари иштирок этган бўлса, Риштондаги форумда 26 та давлатдан келган 100 нафардан зиёд кулоллар ҳамда маҳаллий усталар ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Ҳар икки тадбир ҳам турли маънавий-маърифий, илмий, бадиий дастурларга бой тарзда ўтказилиб, иштирокчиларга олам-олам завқ, унутилмас таассуротлар улашди.
Шунингдек, нафақат мамлакатимиз, Марказий Осиё, бутун дунёда кулолчилик маркази сифатида машҳур бўлган Риштонга “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” деган мақом берилгани форумнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди, дейиш мумкин.
Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарорига кўра, ўтган йилларда вилоятнинг Қўқон, Марғилон каби кўҳна шаҳарларига ҳунармандлар шаҳри мақоми берилган эди. Риштон туманига ҳам шундай мақом берилиши асрлар мобайнида авлоддан-авлодга безавол ўтиб келаётган боқий анъана ва қадриятларимизнинг юксак эътирофидир.
Яқин йилларда Риштон туманида Халқаро кулолчилик маркази барпо этилди. Ҳозирги кунда туманда 40 мингга яқин ёшлар кулолчилик ҳунарини ўрганиб келмоқда. Ўзбекистон халқ рассоми ва Ўзбекистон халқ устаси унвонига эга бўлган Иброҳимжон Комилов, Ўзбекистон халқ рассоми Бобожон Нишонов, Ўзбекистон санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Шарофиддин Юсупов каби моҳир кулолларнинг издошлари Риштон ва унинг атрофидаги қишлоқларда анъанавий кулолчилик ривожи учун самарали меҳнат қилмоқда.
Рустам Усмонов, Алишер Назиров, Шокиржон Аҳмаджонов, Равшанжон Тожиддинов, Тоҳир Ҳайдаров каби кулоллар маҳсулотлари дунёнинг ўнлаб давлатларида кўргазма пештахталарида рангин жилолари, бетакрор безаклари билан барчани ўзига маҳлиё этмоқда. Дунёнинг кулолчилик яхши ривожланган Италия, Туркия, Япония, Озарбайжон каби 10 га яқин давлатлари билан Риштон тумани ўртасида фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Ҳар икки тадбир якунида тақдирлаш маросими, концерт дастури ташкил этилиб, ғолиблар ва фаол қатнашчилар муносиб рағбатлантирилди.
— Президентимизнинг тадбир қатнашчиларига йўллаган табриги барчамизга ўзгача қувонч бахш этди, — дейди “Энг яхши кулол” номинацияси ғолиби Исмоилжон Комилов. — Бундан буён ҳам янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиб, авлодлардан мерос ҳунарни бутун дунёга кенг тарғиб этишда давом этамиз.
Айтиш жоиз, байрам кунлари Қўқон шаҳридаги “Буюк алломалар” музейининг кўргазмалар зали ҳамда Риштон анъанавий кулолчилик тарихи музейи тантанали равишда ўз фаолиятини бошлади.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг