Риштон туризми: туман иқтисодиёти драйвери

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда туризм мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланди. Боиси янги иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳамда ички ва ташқи сайёҳликни рағбатлантиришда ушбу тармоқнинг алоҳида ўрни бор.
Биргина ўтган йилнинг ўзида юртимизга 9 миллионга яқин хорижий сайёҳ келгани, уларга 2,7 миллиард долларлик хизмат кўрсатилгани ва бу борада минглаб янги иш ўринлари яратилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Фарғона вилоятида ҳам бу соҳани жадал ривожлантириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу хусусда гап кетганда, Бешариқ туманида тиббиёт туризми, Қўқон ва Марғилон шаҳарида саёҳат туризми, вилоятнинг бошқа ҳудудларида агротуризм, гастрономик ва зиёрат туризми хорижий сайёҳларни кенг жалб этаётганини айтиб ўтиш мумкин.
Кулолчилик ва ҳунармандчилик билан довруқ қозонган Риштон тумани қулай географик жойлашуви, маданий мерос объектлари ва музейлари билан ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, сўнгги беш йилда туманни бошқа ҳудудлар билан боғловчи серқатнов автомобиль йўли инфратузилмаси замонавий шаҳарсозлик талабларига асосан қайта қурилди. Натижада мазкур йўл бўйида 1000 дан ортиқ хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилди. Шунингдек, 1 та «Халқаро кулолчилик маркази» ва 2 та «Ҳунармандчилик маркази» бунёд этилди. Шу билан бирга, 50 дан зиёд кулолчилик уй музейлари ва уй меҳмонхоналари фойдаланишга топширилди. Бу йил «Тўраобод» МФЙда тумандаги учинчи «Ҳунармандчилик маркази» қурилишини якунига етказиш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Айтганча, яқинда тумандаги «М.Топволдиев» МФЙга расман «Туризм маҳалласи» мақоми берилгани ҳам бежиз эмас. 2,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда «Халқаро кулолчилик маркази», «Хўжа Рушноий», «Соҳиби Ҳидоя» зиёратгоҳлари, Мамадали Топволдиев номидаги тарихий музей, «Корон плюс» ҳунармандчилик музейи каби диққатга сазовор масканлар жойлашган.
— Ҳар йили Риштонга ўртача 300 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар жалб этилаётган бўлсада, бу ҳали қувонарли натижа эмас, — дейди Фарғона вилояти туризм бошқармаси мутахассиси Баҳодир Эрматов. — Бу ерга келган сайёҳлар учун хавфсизлик, коммунал ва банк хизматлари, қулай меҳмонхона ва овқатланиш объектлари фаолиятини жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш учун ҳали бажариладиган ишлар бор.
Туризм маҳалласи мақоми берилгач, «М.Топволдиев» МФЙ 24/7 тартибида ишловчи ҳудудга айлантирилди. Жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида замонавий талабларга жавоб берадиган янги ҳуқуқ-тартибот маскани биноси қуриб битказилди. Туристик фирмалар вакиллари, турагентлар учун қулай шарт-шароит яратилиб, савдо, овқатланиш, сервис хизматлари тармоғи янада кенгайтирилди.
Маҳаллада битта хостел, 13 та оилавий меҳмон уйлари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун клиника, савдо дўконлари, миллий таомлар ошхоналари, маданий ва тарихий зиёратгоҳлар, интернет тармоғи, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, гид хизмати каби инфратузилма мавжуд. Энг асосийси, кулолчилик ва ҳунармандчилик устахоналари туну кун фаолият кўрсатади.
— Хонадонимизда кулолчилик цехи ташкил этилган, — дейди тажрибали кулол Аҳмаджон Қурбонов. — Сайёҳларга маҳсулот тайёрлаш билан боғлиқ барча жараёнлар, хусусан, лойни қолипларга солиш, ишлов бериш, пишириш, гул солиш каби ишлар маҳорат сабоқлари ўтказиб берамиз. Айниқса, хорижлик меҳмонларга бу жараён жуда қизиқ. Соатлаб томоша қилишади, баъзилари иш кийимини эгнига илиб, дастгоҳга ўтириб олади.
Шу маънода, маҳалламизга туризм мақоми берилганидан мамнунмиз. Бугун маҳалладошларимизда сайёҳларга ҳурмат, янги авлод вакилларида эса хорижий тилларни ўрганишга бўлган интилиш кучайди.
Айни жараёнда маҳалла аҳлининг ташаббуслари ҳам эътиборга молик. Эндиликда томорқа хўжалигини агротуризмга мослаштиришга киришилиб, бу борада хонадон соҳибларининг ўзи ибрат кўрсатяпти. Шу орқали томорқаларда турли экинларни парваришлаш намойиш қилинади, қизиқувчи меҳмонлар қўлларига кетмон ёки белкурак олиб, маълум муддат ер чопиши ёки экинлар парваришига кўмаклашиши мумкин.
— Бу соҳа ривожига қаратилган эътибор ва рағбат туфайли кейинги тўрт йилда туманда йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми қарийб 500 млрд сўмга, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони 400 тага кўпайди, — дейди Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов. — Яқин истиқболда туманда зиёрат туризмини янада ривожлантириш мақсадида Бурҳониддин Ар-Рошидоний номидаги «Соҳиби Ҳидоя» зиёратгоҳини реконструкция ва реставрация қилиш, унга туташ ҳудудларда савдо ва сервис кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш ҳамда ҳудудни туризм марказига айлантириш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, Риштонга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташрифини кўпайтириш мақсадида қиймати 94,9 млрд сўмлик (шундан 1,2 млрд сўм банк кредити) 11 та йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 январдаги қарори асосида Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейи фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тўраобод маҳалласида ҳунармандлар марказини ташкил этиш бўйича қурилиш ишлари давом этяпти. Мажмуада лойиҳа қиймати 25 млрд сўмлик (шундан 5 млрд сўм банк кредити) 10 та кулолчилик устахоналари ва меҳмон уйлари, миллий чойхона, қишки ва ёзги чўмилиш ҳавзалари, автотураргоҳ ҳамда кулолчилик музейи барпо қилинади.
Туманда тематик маҳалла ташкил этиш мақсадида Чинигарон маҳалласи танлаб олинди. Режага кўра, кўчанинг асосий йўлагидан бошлаб «Соҳиби Ҳидоя» зиёратгоҳигача бўлган масофада 1.5 км тошли йўл қилиниб, йўлнинг икки ёни травертин сомон шувоқ қилинади. Маҳаллада 9-11-авлод уста кулоллар яшайди. Уста кулолларнинг уйида устахоналари ҳам бор. Шу тариқа сайёҳларни маҳаллага олиб кириб, Риштон тарихи ва кулолчилиги билан таништирилади. Натижада сайёҳларни туманда 3 кун олиб қолиш имкони бўлади.
Ўз навбатида, таълим туризмини ривожлантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун 5 гектар ерда «Таълим шаҳарчаси» барпо этиш мақсад қилинмоқда. Зиёрат туризмини янада ривожлантириш борасида Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларини мастер режалари бўйича лойиҳалаштириш институти давлат муассасаси томонидан «Соҳиби Ҳидоя» мажмуасини таъмирлаш-тиклаш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича Риштон туман ҳокимлиги ҳамда институт ўртасида шартнома тузилди. Эзгу мақсад ижобати учун вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан 606,2 млн сўм маблағ ажратилиб, шартномага асосан молиялаштирилиб берилди.
Мухтасар айтганда, Риштон туманида кулолчилик, таълим ва зиёрат туризми бўйича бу каби истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони йилига 400 мингтага етказилади. Йиллик хизматлар ҳажми 1 трлн 200 млрд сўмга ўсишига эришилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг