Республикада пахта мойи хавфсизлигини таъминлаш борасида қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?

16:12 16 Февраль 2021 Иқтисодиёт
1445 0

Пахта техник чигити таркибида табиий заҳарли модда-госсипол мавжуд. Хусусан, пахта мойи ва кунжара таркибида ушбу модданинг рухсат этилган меъёридан юқори бўлиши аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин.

Тайёр маҳсулотларда госсипол моддаси миқдорини хавфсиз даражага тушириш учун пахта техник чигити тўлиқ технологик циклда қайта ишланиши зарур. Тўлиқ технологик цикл мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш жараёнларини ўз ичига олади. Хавфсиз пахта мойи ва кунжара ишлаб чиқаришда, айниқса, рафинация, дезодарация ва экстрация цехларининг аҳамияти каттадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги Фармонининг тегишли иловасига мувофиқ, корхоналарнинг пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда уларнинг маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга эканлиги устидан назорат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган.

Ушбу назорат тадбирлари «Ўзагроинспекция» томонидан тузилган ҳудудий ишчи комиссияларига «Ўзстандарт» агентлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассисларини жалб этган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ҳудудий ишчи комиссиялар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ёғ-мой корхоналарида ўрнатилган тартибда назорат тадбирлари ўтказиляпти. Бугунги кунда республика бўйича мавжуд 500 тадан ортиқ ёғ-мой корхоналарининг 263 тасида текширув ўтказилиши белгиланган бўлиб, 238 та корхонада текшириш якунланди.

Текширув натижасига кўра, белгиланган талаб 32 та ёғ-мой корхонасида таъминланган ва 206 тасида таъминланмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Инспекция ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пахта техник чигитини қайта ишлаш учун тўлиқ технологик цикли ёки тайёр маҳсулотлар учун гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари мавжуд бўлмаган ёғ-мой корхоналари бўйича 199 та тақдимнома Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржасига киритилди ва уларнинг пахта техник чигитини харид қилиш бўйича биржа савдоларида иштирок этишини олди олинди.

Белгиланган талаблар бажарилмаган корхоналарга жами 156 маротаба (огоҳлантириш, кўрсатма ва тақдимномалар киритиш орқали) таъсир чоралари қўлланилган. 14 та ёғ-мой корхонаси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига материаллар киритилиши таъминланган.

Инспекция томонидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?